Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бир вақтнинг ўзида Zoom платформаси орқали жонли эфирга ҳам узатилмоқда. Мактабгача таълим вазири ўринбосари Мақсуд Юлдашев депутатларнинг саволларига жавоб бериб бўлгач, камера микрофонини ўчириш ёдидан кўтарилди.

У онлайн эфир вақтида, Хуршид исмли шахсга «Э-э-э, ака, обқочишга мажбурмиз энди, нима қиламиз», — деган Мақсуд Юлдашев.

Мазкур ҳолат юзасидан «Газета.uz» сўровига Мактабгача таълим вазирлиги муносабат билдирди.

«Ҳолат юзасидан ҳақиқатан ҳам М.Юлдашев депутатлар саволларига жавоб бергандан сўнг онлайн узатилаётган эфир микрофонини ўчириш эсдан чиққани ва у иш фаолиятини давом эттиргани ҳамда бу жараёнда унга бўлган қўнғироққа жавоб бергани маълум бўлди. Вазир ўринбосари М.Юлдашев бу телефон орқали сўзлашув мазмуни депутатларга берилган жавобга алоқаси йўқлигини маълум қилди», — дейилади хабарда.

Вазирлик матбуот хизмати, шунингдек, ОАВ вакилларидан турли хил «эҳтимоллар»га асосланган фикрларни илгари сурмасликларини ва вазиятга тўғри баҳо беришларини сўраган.

Мазкур вазиятга қадар Қонунчилик палатасининг навбатдаги йиғилишида депутат Шахноза Холмахаматова мактабгача таълим соҳасидаги бир қатор муаммоли вазиятлар юзасидан саволларни тақдим этган эди.

Мактабгача таълим вазири ўринбосари Максуд Юлдашев 2018—2019 йилларда 1400 дан ортиқ тадбиркорлар билан битимлар имзоланганини маълум қилди.

«Давлат хусусий шерикчилик лойиҳалари бошланишидан олдин, президентимиз қарори билан $200 млн миқдоридаги хорижий инвестицияларни ушбу лойиҳаларга йўналтирилиши белгиланган эди. Лекин тадбиркорлар томонидан талабни ортгани, берилган имтиёзлар, айниқса, ҳеч қайси давлатда учрамаган 15 йилга бир фоизли имтиёз билан кредит берилиши талабни орттириб юборди. Лекин шунга қарамасдан, Молия вазирлиги билан ҳамкорликда $250 млн маблағлар йўналтирилди. Январь ойида президент қарори билан 2020 йилдан бошлаб давлат хусусий шерикчилик чекка қишлоқларда бўлса — 5 фоиз, туман марказларида — 8 фоиз, вилоятлар ва шаҳар марказларида — 12 фоиз этиб белгиланди. Мана шу белгилангандан кейин, кўп тадбиркорлар 1 фоизли кредитга қизиққани кўриниб қолди. 100 дан ортиқ тадбиркорлар лойиҳаларини амалга ошира олмаслигини маълум қилиб, битимларни бекор қилиш бўйича мурожаат қилган. Улар билан битимлар бекор қилинган. Иқтисодий жиҳатдан самарали деб топилган 263 та битимларни босқичма-босқич молиялаштириш амалга оширилмоқда. Ўтган ойни ўзида Молия вазирлиги ёрдами билан 128 млрд маблағ 65 та тадбиркорга етказиб берилган», — деган Максуд Юлдашев.

У шунингдек, бугунги кунда Саудия ривожлантириш фонди билан $11 млнлик келишувлар мавжудлиги, шу ҳафтада фонд ва Молия вазирлиги ўртасида битим имзоланишини айтди. Йил якунига қадар бу маблағлар ҳам соҳага йўналтирилади. Қувайт араб иқтисодий тараққиёт жамғармаси билан $30 млн ҳамда Ислом тараққиёт банки билан $30 млнлик келишувлар амалга оширилишини қайд этилди.

Вазир ўринбосари оилавий боғчалар масаласига ҳам тўхталиб, оилавий болалар боғчаларини очишда тўсиқ йўқлигини маълум қилди.

«Октябрь-ноябрь ойида 1700 та тадбиркор мурожаат билан чиқди. Булар билан ҳам битимлар имзоладик. Шу йилнинг ўзида уч мингга яқин мурожаатлар келган. Жиҳозлаш масаласида маҳаллий ҳокимликлар яқиндан ёрдам бермоқда. Улар ўзларининг маҳаллий ресурсларидан жиҳозларга катта миқдорда маблағлар йўналтирган. Бундан ташқари, тадбиркор аёллар учун алоҳида ресурслар ажратилган эди. Болалар боғчаларида аёллар кўпроқ ишлагани учун, тўрт мингдан ортиқ аёллар бундан фойдаланиб, боғчаларни очишга муваффақ бўлишди», — деган эди Юлдашев.