Ўзбек режиссёри ва сценарий муаллифи Ёлқин Тўйчиевнинг «Фариданинг икки минг қўшиғи» фильми Ҳамдўстлик мамлакатлари иккинчи халқаро кинофестивали «Москва премьераси»нинг тўлиқ метражли фильмлари орасида гран-при мукофотига сазовор бўлди, деб хабар берди Дунё ахборот агентлиги.

Фильмда «дунёвий ташвишлар, жамият, бойлар ва камбағалларни ажратиб турадиган қадриятлар чеккасида яшайдиган» Комил ҳақида ҳикоя қилинади. Эркакда фақат битта умид бор — унинг давомчиси, боласи бўлиши. «Бу фитна Марказий Осиёдаги фуқаролар уруши ва яқинлашиб келаётган большевиклар ҳукмронлиги туфайли аҳолининг ўз келажагидан хавотирланиши манзарасида юзага келади», — дейилади фильм тавсифида.

Ёлқин Тўйчиев — Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби. Ўз сценарийлари асосида бир қанча фильмларни суратга олган: «Ўспирин» (2005), «Манба» (2006), «Сукунат» (2008), «Постскриптум» (2010), «Фаришта» (2010), «Учувчи қиз» (2010), «Сукунат уйи» (2011), «Сув парилари учун уй» (2015), «Жаннатлик аёл» (2016) ва бошқалар.

Кинофестиваль 12−17 ноябрь кунлари Москвада бўлиб ўтди. Тўлиқ ва қисқа метражли фильмларнинг танлов дастурига Озарбайжон, Арманистон, Беларусь, Грузия, Қозоғистон, Қирғизистон, Молдова, Литва, Россия, Ўзбекистон ва Украинанинг фильмлари киритилди.

Kino-teatr.ru порталининг хабар беришича, тўлиқ метражли асарлар орасида «Глобус атрофида еттинчи югуриш» картинасини суратга олган Виталий Суслин энг яхши режиссёрлик иши учун фестиваль ҳакамлар ҳайъати томонидан махсус соврин билан тақдирланди. Молдова-немис киноижодкорлари томонидан суратга олинган «Анишоара» фильмида ўйнаган Ана Морари ва Қирғизистоннинг «Шамбала» фильмидаги роли учун Насретдин Дубашев энг яхши актёрлар деб тан олинди. Шунингдек, Артур Аманалиев актёрлик ишлари учун ҳакамлар ҳайъати томонидан алоҳида эътиборга сазовор бўлди.

Қисқа метражли фильмлар орасида ғолибликни Мила Фахурдинованинг рус-қозоқ киноижодкорлари томонидан суратга олинган «Парамнезия» фильми қўлга киритди. Ҳакамлар ҳайъати қозоғистонлик режиссёр Рамазан Халиолланинг «Домбира» фильмига ва Адилет Каржоевнинг қирғизистонлик «Карусель» фильмига махсус совринларни топширди. Ҳакамлар ҳайъати Иван Орленконинг «Бизнинг синагогамизда» украин-француз фильмига алоҳида эътибор қаратди.