16 ноябрь куни Тошкент ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев Ёшлар фестивали ойлиги доирасида бўлиб ўтган учрашувда волонтёрлар ҳақида фикр билдириб ўтди. Бу ҳақда шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.

«Товар, пул олиш, Payme орқали пул ўтказиб бериш, кимгадир нимадир олиб бориб бериш ҳаддан ташқари кўпайиб кетаяпти — волонтерлар. Сал шубҳага бораяпманда охирги пайтда. Волонтёрлик, бу — касбми ёки ҳақиқатан ёрдам беришми? Ёки бундан даромад олишми? Шунинг фарқига етиб бора олмаяпман. Ўзи волонтёр тушунчаси нима дегани?», — деди у.

«Лекин мен бирорта волонтёрни бирорта қарияни оёғини совунлаб ювиб қўйганини кўрмагандим. Ёки сочини тараб қўяй, сочини ювиб қўяй, дейиш мумкин, масалан, уйида ётган қари аёлларни. Ҳаммаси сумка-сумка нарса олиб бориб ташаш билан овора. Буни бир кўриб чиқишимиз керак», — дея таъкидлади Жаҳонгир Ортиқхўжаев.

Шунингдек, Тошкент ҳокими учрашувда блогер ва журналистлар учун коворкинг маркази ташкиллаштирилиши ҳақида маълум қилди.

Бундан ташқари, ёшлар ишсизлик масаласида мурожаат қилиб, жуда кўп оилалар ишсиз қолиб кетаётгани ва бунга ёрдам бериш керак эканини таклиф қилишди. Шаҳар ҳокими биринчи навбатда «ишсиз билан дангасани ажрата олишимиз керак"лигини айтиб ўтди ва ростан ҳам ишсиз бўлса ёрдам кўрсатишини таъкидлади.

Эслатиб ўтамиз, ҳозирда Тошкентда «Тошкент ёшларни севади!» шиори остида ёшлар фестивали ойлиги давом этмоқда.