Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармаларининг жорий йилнинг 9 ойи давомидаги ижроси тўғрисида ахборот берилаётгани ҳақда хабар қилган эдик.

Ҳисоботдан сўнг, депутатлар томонидан мутасадди вакилларга саволлар берилди. Жумладан, Қонунчилик палатаси депутати Умид Жабборов ортиқча тўланган солиқ суммалари ва уни қайтариш масаласига эътибор қаратди.

«Ҳисоботда 2020 йил 1 октябрь ҳолатига, 126 млрд сўм ортиқча тўланган солиқ суммалари келтирилди. Солиқ кодексига асосан, ортиқча тўланган солиқ суммаларига Марказий банкнинг тегишли қайта молиялаш ставкасидан келиб чиққан ҳолда фоизлар ҳисобланиши ва тўлаб берилиши белгилаб қўйилган. Савол: ортиқча тўловлар учун солиқ тўловчилар фойдасига қанча фоизлар ҳисобланган, қайси манбалардан ундириб берилган? Ўзи бу бўйича механизмлар ишлаб чиқилганми?», — дея мурожаат қилди депутат.

Давлат солиқ қўмитаси раиси Шерзод Қудбиев мазкур саволларга жавоб берар экан, бу Солиқ кодексининг 104−105 моддаларида аниқ белгилаб қўйилгани, ортиқча тўлов бўлса, қайта молиялаштириш ставкаси миқдорида қайтариб берилишини таъкидлади. У, шунингдек, ортиқча тўланган солиқ тадбиркорлик субъекти ўзи мурожаат қилса ёки судни қарори чиқса қайтарилишини ҳам айтиб ўтди.

«Яқин кунларда Молия вазирлиги билан қайтариб бериш тартибини қабул қиламиз. Маълумот учун айтмоқчиман, 126 млрд сўм йил бошида 167 млрд бўлган. Тадбиркорлардан бизга тўлаб беринглар ёки олдиндан бюджетга тўлаб қўйинглар дейилгани ҳисобига эмас, балки, солиқ тўловчининг ўзи ҳисобот даврига келиб, ойни бошида тўловни амалга оширгани учун ҳосил бўлган рақам. Умумий бир ойда 10 трлн солиқ тушумлари тушади, ортиқча тўланган 126 млрд сўм — ўтиш қолдиғи, бу — нормал рақам ҳисобланади», — деди қўмита раиси.

ДСҚ раиси, шунингдек, солиқ органлари 3 ойдан бери инкасса топшириқномалари тўлиқ автоматлаштирганини қайд этди.

«Бутун масъулиятни зиммамга олиб айтишим мумкинки, туман, вилоят даражасида ҳам инкасса жараёни тўлиқ автоматлаштирилган ва инсон омили чекланган. Тадбиркорлик субъектларида маблағни мажбурий ундириб олишга таъсир қилмайди, буни фақат қўмита юритади. Инкассани қўйишга қўмитада ҳам битта менда ва масъул департамент директорида ваколат бор», — деди Шерзод Қудбиев.

Қудбиевнинг қўшимча қилишича, тадбиркорлик субъектларининг айланма маблағларини солиқ органи раҳбарининг у ёки бу қарорига асосан олиб қўйиш мумкин эмас, олинган инкассани қайтариш имконияти ҳам мавжуд эмас.