Қозоғистон Ички ишлар вазирлигининг маълумотларига кўра бир йил давомида меҳнат қуллигида бўлган Ўзбекистон фуқароси иш берувчига нисбатан ҳеч қандай даъвоси йўқлигини, иш шароитлари ва иш ҳақидан қониққанини айтган. Бу ҳақда Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Ақтўбе вилояти полиция департаменти маълумотларига кўра, Қозоғистон ҳудудида ноқонуний равишда бўлган шахсларни топиш бўйича режали тадбирлар давомида 1962 йил 2 майда туғилган Ўзбекистон Республикаси фуқароси M.B. аниқланган. Унинг иш берувчисига нисбатан Қозоғистон Жиноят кодексининг 128-моддасида кўзда тутилган «Одам савдоси» бўйича жиноят иши қўзғатилган.

Хабар берилишича, M.B. Қозоғистонга 1996 йилда келган, 2004 йилда доимий яшаш рухсатномасини олган ва Қозоғистонда мунтазам яшайди.

Ҳуқуқни муҳофаза қиливчи органлар вакиллари билан суҳбат чоғида M.B. ҳозирги иш берувчисига нисбатан шикояти йўқлигини, иш, яшаш ва иш ҳақи шартлари ўзини қониқтиришини, Ўзбекистонга қайтиш нияти йўқлигини ва Олмаота шаҳрига, Қозоғистон фуқароси бўлган қизининг уйига кўчиб ўтишни режалаштираётганини билдирди.

Жиноий иш аломатлари йўқлиги ва меҳнат қуллиги фактлари тасдиқланмагани муносабати билан қўзғатилган жиноият иш ёпилди.

Эслатиб ўтамиз, Қозоғистонда 58 ёшли Ўзбекистон фуқароси бир йилни меҳнат қуллигида ўтказгани ҳақида хабар берган эдик.