Вояга этмаган II гуруҳ ногиронлиги бўлган қиз К. К. (бош ҳарфлари ўзгартирилган) Андижон вилоятининг Пахтаобод туманида 65 ёшли қўшниси Ф. Ю. томонидан мунтазам равишда жинсий зўравонликка учраган. Бу ҳақда жабрланувчининг онаси ижтимоий тармоқларда очиқ видеомурожаатида хабар берган.

Онанинг сўзларига кўра, 5−10 йил олдин бўлиб ўтган жанжалда қўшниси Р. Ю. қизини катта бўлганида фоҳишага айлантириш билан қўрқитган.

«Эри Россиядан қайтиб келганидан кейин улар биз билан иноқлашиб кетишди, кейин ҳаммомимизни таъмирлаб беришиб, ичимизга кириб олишди. Қизим мактабда яхши ўқийди, лекин „аёллар масаласида“ бироз орқада қолгани учун олиб чиқиб, „қизим, ҳамма қизлар шунақа, бахтли ҳаёт кечиришинг керак. Ота-онанг сени жинни деб кўчага чиқармайди“, деб зўрлаб, номусига теккан», — деди аёл.

«Sputnik Узбекистан» қизнинг онасига таяниб ёзишича, у қизининг илмга чанқоқлигини кўриб, пандемия вақтида онлайн ўқиши учун унга планшет олиб берган. Интернетдан фойдаланиш давомида қиз тасодифан порнографик видеороликка гувоҳ бўлган ва уни онасига кўрсатиб, «Бу бахтли ҳаёт, фалончи амаки айтди…», дея ўзи ва қўшниси ўртасида юз берган ҳолатлар ҳақида айтиб берган. Ўшанда она илк маротаба шунда қизи 65 ёшли қўшниси томонидан зўрланаётганлигини билиб қолган.

Аёлнинг тасдиқлашича,уйининг деразалари михлаб қўйилган бўлган, қўшни ўзининг ғаразли мақсадига етиш учун ана шу михларни суғуриб, деразадан тушган ва ҳар гал шу дераза орқали уйга кириб турган. Қизини эса: «Онангга айтма, бахтли бўласан, қизим, ногирон бўлганинг учун сенга бу ҳақда гапиришмаган, аслида ҳамма шундай қилиб, эрга тегади» каби сўзлар билан алдаб келган.

«Оғриқни қолдириш мақсадида ёки ҳомиладор бўлиб қолмаслиги учунми, „грипп бўлмайсан“, деб қизимга аллақандай дорилар ичириб келган», — дейди қизнинг онаси.

Жабрланувчининг онаси 30 октябрь куни эълон қилинган видеомурожаатида у ҳуқуқ-тартибот идораларига бир неча бор мурожаат қилганини, аммо улар жиноий иш қўзғашдан бош тортиб, унга «ақлдан озгандек» қарашганини айтди.

Андижон вилояти ИИБ 5 ноябрь куни мазкур видеомурожаатга муносабат билдирди. Бошқарма маълумотларига кўра, 26 сентябрь куни Пахтаобод туманида яшовчи фуқаро К.И. туман ИИБ бошлиғи номига ариза билан мурожаат қилиб, ўз аризасида қўшниси Ю.Ф. вояга етмаган қизи билан 3−4 ойдан буён жинсий алоқада бўлиб, унга нисбатан уятсиз, бузуқ ҳаракатлар содир этганлигини маълум қилган ва Ю.Ф.га нисбатан қонуний чора кўриб беришни сўраган.

Ушбу мурожаат шу куни Пахтаобод тумани ИИБ навбатчилик қисми томонидан рўйхатдан ўтказилиб, туман тергов бўлими томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилган. Тергов ҳаракатлари жараёнида судга оид тиббий, физика-техника ва психиатрия экспертизалари ўтказилган. Текширув ҳаракатлари якунига кўра, фуқаро Ю.Ф. вояга етмаган М.А. билан 2018 йилдан буён, унинг 16 ёшга тўлмаганлигини англаган ҳолда жинсий алоқа қилиб келганлиги аниқланган.

Мазкур ҳолат юзасидан Пахтаобод тумани ИИБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан 4 ноябрь куни фуқаро Ю.Ф.га нисбатан Жиноят кодексининг 128-моддаси (ўн олти ёшга тўлмаган шахс билан жинсий алоқа қилиш) 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, ҳозирда тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда.