«Ўзйўлинспекция» Ўзбекистондаги кўприклар ҳолати ўрганилганда, дарё ва сойларнинг ўзанларидан — тош, қум ва шағалнинг назоратсиз ва ноқонуний равишда қазиб олиниши натижасида, айрим кўприкларнинг оралиқ таянчлари критик қийматлардан ортиқча ювилиб кетганлигини аниқлади.

Инспекциянинг хабар беришича, Ҳукуматнинг тегишли қарори билан дарёлардаги кўприклардан — ўзан бўйлаб юқорига ва пастга қараб 2,5 кмгача бўлган масофада қум ва тошлар қазиб олиш учун карьерлар барпо этиш таъқиқланган. Лекин мазкур талаб бажарилмагани оқибатида, сув ўзани сатҳининг пасайиши сабабли Самарқанд, Сурхондарё, Қашқадарё, Жиззах, Тошкент ва Андижон вилоятларида барпо қилинган жами 26 та кўприкнинг таянчлари критик ҳолатга келиб қолган.

«Самарқанд вилоятидаги — Қорадарё, Зарафшон, Оқдарё, „Дарғом“ каби дарё ва каналлар устига қурилган 10 та, Сурхондарё вилоятидаги — Обизаранг, Тўпаланг, Сурхон, Олтинсой дарёлари устидан ўтган 6 та, Қашқадарё вилоятидаги 4 та, Жиззах вилоятидаги — Сангзор дарёси устидан ўтган 3 та, Тошкент вилоятидаги — Чирчиқ ва Ангрен дарёлари устидан ўтган 2 та ҳамда Андижон вилоятидаги Аравонсой устидан ўтган 1 та кўприк жойлашган ўзанларда карьерлар фаолияти тугатилмаган. Улар ноқонуний равишда ўз фаолиятларини давом эттирмоқда», — дейилади хабарда.

Бундан ташқари, мазкур кўприкларни сақлашга масъул бўлган корхоналар томонидан уларни таъмирлаш, таянчларини ҳимоялаш бўйича лозим бўлган чора-тадбирлар амалга оширилмаган.

Инспекция томонидан кўприкларнинг таянчларини ювилишдан сақлаш, яроқсиз ҳолга келиб қолишининг олдини олиш, ноқонуний карьерлар фаолиятига чек қўйиш бўйича Вазирлар Маҳкамасига ҳам тегишли ахборотлар киритилгани айтилмоқда.

Ўз навбатида, Ҳукумат томонидан соҳага масъул идоралар раҳбарлари қаттиқ огоҳлантирилиб, кўприклар жойлашган дарё ўзанларини тозалаш, у ерлардаги карьерлар фаолиятини тугатиш, бу ишларни қатъий тартибда амалга ошириш бўйича амалдаги меъёрий ҳужжатларга зарурий ўзгартиришлар киритиш, кўприкларнинг таянчларини ҳимоялаш ва таъмирлаш юзасидан тезкор чоралар кўрилиши бўйича кўрсатмалар берилди.