Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди Васийлик кенгаши раиси Комил Алламжонов Тошкент шаҳар ҳокими Жахонгир Ортиқхўжаевнинг кўнгиллилар фаолияти тўғрисидаги сўзларига изоҳ берди.

Эслатиб ўтамиз, 16 ноябрь куни ёшлар билан учрашувда Тошкент шаҳар ҳокими Ассоциация ёки кўнгиллилар федерациясини тузиш таклифига жавобан, кўнгиллилик тушунчасини аниқлаш зарурлигини айтди. «Волонтёрлик, бу — касбми ёки ҳақиқатан ёрдам беришми? Ёки бундан даромад олишми? Шунинг фарқига етиб бора олмаяпман. Ўзи волонтёр тушунчаси нима дегани?», — деди у.

«Лекин мен бирорта волонтёрни қарияни оёғини совунлаб ювиб қўйганини кўрмагандим», — деб қўшимча қилган эди Тошкент шаҳар ҳокими. Шунингдек, у кўнгиллилар федерациясини тузиш масаласини синчковлик билан ва ҳар томонлама ўрганиш кераклигини таъкидлади.

Комил Алламжонов эса Тошкент шаҳрини ҳокимият эплолмай қолганида, айнан шу волонтёрлар ҳаётини хавф остига қўйиб, одамлар дардига малҳам бўлганини эслатиб ўтди.

«Тегилмаган шу волонтёрлар қолганди. Бу ёшларга мотивация эмас, қўлига бир урадиган тадбир бўлибди. Ваҳоланки, пандемия даврида барча ёшлар бирлашди, Тошкент шаҳрини ҳокимият эплолмай қолганида, айнан шу волонтёрлар ҳаётини хавф остига қўйиб, одамлар дардига малҳам бўлди. Ўша пайтда ёрдамга муҳтож бўлиб, уйда ётган айрим қарияларга оёғини тоғорага сув солиб, совун билан ювиш эмас, балки сумкада ташилган егуликлар керак эди. Энди уларни ўрганиш керакмиш. Улар даромад оляптими ёки кўнгилли ёрдамчиларми, шуни ўрганиш керакмиш. Ўрганиш эмас, раҳмат дейиш керак. Ўрганиш керак бўлса, Тошкентда масала кўп», — деди Комил Алламжонов.

Ўзининг хабарини Комил Алламжонов #бўлдидаэнди, #шаҳарбедарвозаэмас, #любаябизнесхороша, #микрофонберилмасиншуодамга сингари хэштеглар билан якунлади.

«Газета.uz» га Тошкент шаҳар ҳокимлиги матбуот хизматининг хабар беришига кўра, ҳоким ўз нутқида «ёлғиз ва камбағалларга ёрдам беришга бўлган самимий истак ва фирибгарликлар ўртасидаги нозик чизиқни» кўрсатишга уринган. Шаҳар маъмуриятининг сўзларига кўра, «фирибгарлар волонтёрлар йиғими тизимига кириб, барча маблағни олиб кетишган». «Яъни, кўнгиллилар маблағ йиғиш учун фойдаланадиган воситаларнинг ўзи хавфли ҳисобланади ва фирибгарлар учун яхши имконият яратмоқда».

Бундан ташқари, Жахонгир Ортиқхўжаев COVID-19 билан касалланганлар ётган «Ўзэкспомарказ»га волонтёр сифатида келиб, маълум бир миқдорда маош олганларни мисол қилиб келтирган.

Ҳокимлик шунингдек, «ёрдам бериш истаги билан ёнадиган, ёрдам бериш учун ўз вақтларини аямайдиган волонтёрларга миннатдорчилик билдирди».