Тошкент вилояти бош инфекционисти Гулжаҳон Йўлдошевага нисбатан Чирчиқ шаҳар прокуратураси томонидан олиб борилаётган дастлабки тергов ҳаракатлари айблов хулосаси билан якунланиб, кўриб чиқиш учун Жиноят ишлари бўйича Чирчиқ шаҳар судига юборилди. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот хизмати хабар бермоқда.

Тергов давомида Тошкент вилояти Юқумли касалликлар шифохонаси мансабдор шахсларига [5 нафар] нисбатан Жиноят кодексининг 116 (Касб юзасидан ўз вазифаларини лозим даражада бажармаслик), 167 (Ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш), 207 (Мансабга совуққонлик билан қараш), 209 (Мансаб сохтакорлиги), 228 (Ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкалар тайёрлаш, уларни қалбакилаштириш, сотиш ёки улардан фойдаланиш) моддалари билан айб эълон қилинган.

Гулжаҳон Йўлдошеванинг адвокати Хушнуд Аҳроровнинг «Газета.uz»га маълум қилишича, ҳимояси остидаги шахс эълон қилинган айбловларга иқрор бўлмаган.

«Ҳимоям остидаги Гулжаҳон Йўлдошева айбловларга иқрор эмас, у ўзининг айбсизлиги ва барча эътирозларини судда баён этмоқчи. Терговда жабрланувчилар билан 6 маротаба юзлаштиришди, лекин бирортасида ҳам Йўлдошеванинг айби исботланмади. Ҳозир тақдим қилинган айблов бўйича 20 та эпизод тақдим қилинган», — деди адвокат.

Тошкент вилояти бош инфекционисти тергов ҳулосасини, ўзига тушунарли бўлган рус тилида тақдим этилишини сўраган. Суд муҳокамалари қачон бошланиши ҳозирча маълум эмас. Адвокатнинг айтишича, суд ишини Жиноят ишлари бўйича Чирчиқ шаҳар суди раиси [Суннатилло Аллакулов — таҳр.] кўриб чиқади.

Адвокат, шунингдек, Чирчиқ шаҳар прокуратураси айбловлари асоссиз экани, асосан, беморларга кўп овқат берилгани, ишчи-ходимларга ортиқча ойлик тўланганини рўкач қилишаётганини қайд этган. Унинг айтишича, аслида, тиббиёт ходимлари ҳанузгача рағбатлантириш пулларини олишмаган.

Бундан ташқари, Йўлдошеванинг адвокати чекловлар жуда қатъийлаштирилгани, уй қамоғидаги шахсга ўрнатилган «браслет» [электрон кузатиш воситаси] етмаганидек, тиббий ёрдамга бориб келишда ҳам ички ишлар ходимлари томонидан назорат қилинаётгани ва ортиқча босим ўтказилаётганини маълум қилди.

Маълумот учун, 10 август куни фуқаро Ш. Минбаев Чирчиқ прокуратурасига қариндоши Ф.Рустамов 1 август куни Тошкент вилояти Юқумли касалликлар шифохонаси ходимлари томонидан вилоят Руҳий асаб касалликлари диспансерига ўтказилиши оқибатида 2 сентябрь куни соғлиғи ёмонлашиб вафот этганини маълум қилган. Йўлдошеванинг адвокати мазкур айблов ўз тасдиғини топмасдан туриб, ОАВда кенг тарқалишининг ўзиёқ, айбланувчининг оиласига ҳам руҳий босим ўтказмоқда. Сабаби, икки оила фарзандлари ўзаро таниш ва Ф.Рустамовнинг фарзандлари Йўлдошеванинг фарзандларига нисбатан руҳий босим ўтказишган.

Эслатиб ўтамиз, Тошкент вилоят юқумли касалликлар шифохонаси бош шифокори Гулжаҳон Йўлдошева 250 млн сўмдан зиёд маблағларни талон-торож қилиш ҳамда мансабга совуққонлик билан қараш айблари билан қамоққа олинганди. У 8 сентябрь куни Чирчиқдаги гўзаллик салонида қўлга олинган. Саида Мирзиёева Гулжаҳон Йўлдошевага нисбатан жазо чорасини ўзгартиришни сўрагач, у уй қамоғига ўтказилганди. Ўшанда ҳудди шундай сўров Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан ҳам билдирилган эди.