Аввалроқ Ўзбекистонда COVID-19 га қарши Хитойнинг Anhui Zhifei Longcom Biopharmaceutical вакцинасини учинчи босқич синовларидан ўтказиш режалаштирилаётгани ҳақида, кейинчалик эса унинг олиб келингани ҳақида хабар берган эдик. Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузуридаги илғор технологиялар марказининг ўринбосари Алишер Абдуллаев Maxima радиосига нима учун айнан Хитой вакцинаси танланганлигини ва синовлар қандай ўтказилиши ҳақда сўзлаб берди.

— Нега Хитой вакцинаси танланди?

— Ушбу вакцинанинг танланганига сабаб, у нисбатан хафвсизроқдир, чунки у ХХРда ўтказилган биринчи ва иккинчи босқич синовлардан муваффақиятли ўтди. Шуни таъкидлаш керакки, барча синовлар ЖССТ томонидан регламентлаштириб ва сертификатлаштириб борилмоқда. ЖССТ талабига кўра, синовнинг учинчи босқичи катта масштабларда ўтказилиши керак ва шу сабаб синовлар турли хил давлатларда 30 мингга яқин кўнгиллилар иштирокида ўтказилади.

Нега у хавфсиз? Чунки у тавсия қилинган платформа асосида яратилган. Яъни бир нечта турдаги вакциналар бор — масалан аденовирусли, таркибида кучли бўлмаган вирусли вакциналар. Ушбу ҳолатда организмга вирус юборилмайди, балки коронавирус оқсили юборилади. Ва бу хавфсиз ҳисобланади.

— Кўнгиллиларни танлаб олиш қандай амалга оширилади?

— Кўнгиллилар қуйидаги мезонларга тўғри келишига қараб танлаб олинади: ҳеч қандай жиддий ва сурункали касалликлари бўлмаган, жумладан COVID-19 билан касалланмаган ёки уни бошидан ўтказмаган, 18 ёшдан 59 ёшгача бўлган аёл ва эркаклар.

Шунингдек, кўнгиллиларни синовларга жалб қилиш учун ОАВларга эълонлар берилади. Танлаш вақтида барча кўнгиллилар тиббий кўрикдан ўтказилади. Ҳозирнинг ўзида ҳам жуда кўп мурожаатлар келиб тушмоқда. Таъкидлаш керакки, барча кўнгиллилар ҳам ҳақиқий вакцина билан эмланмайди, уларнинг ярмига плацебо берилади. Бизда ҳаммаси шахсий ҳохиш-истакка кўра амалга оширилади, ҳеч ким мажбурий жалб қилинмайди.

— Учинчи босқич синовлар самарадорликни аниқлаш учун амалга оширилади

Бир нарсани айтиб ўтиш керакки, доимо учинчи босқич синовлардан мақсад самарадорликни аниқлаш ҳисобланади. Вакцинанинг зарарлилик даражаси биринчи ва иккинчи синовларда текширилади. Яъни эмлангандан кейин инсонлар коронавирус билан зарарланадими ёки йўқ, бу қанчалик самарали эканлиги синовдан ўтказилади. Синовлар нафақат Ўзбекистонда, бошқа турли мамлакатларда ҳам ўтказилади. Шунингдек, синовларнинг бу босқичи ҳатто бир йилгача чўзилиши мумкин.

— Кўнгиллиларга пул тўланадими?

— Жаҳон стандарти тажрибасига кўра, барча кўнгиллиларга пул тўланади ва барча қатнашчилар синовлардан олдин турли хил зарарларга, ён таъсирларга қарши тиббий суғурта қилинади. Шунингдек, агар синовлар давомида кимдир вафот этса, ўлим сабаби аниқланмасиданоқ синовлар тўхтатилади. Яъни сабаб аниқлангунича кутилмайди.

Эслатиб ўтамиз, Хитой вакцинаси синовининг учинчи босқичи 5 мингга яқин ўзбекистонликларда ўтказилиши режалаштирилмоқда. Синовлар муваффақиятли якунланса, Ўзбекистон вакцинани имтиёзли нархларда сотиб олиши мумкин.