Президент Шавкат Мирзиёев геология соҳасини модернизация қилиш, инвестициялар жалб этиш ҳамда геология-қидирув ишларини кенгайтириш масалалари бўйича йиғилиш ўтказди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар бермоқда.

Давлат раҳбари геология-қидирув ишларини ошириш ҳисобига 2021−2022 йилларда минерал хомашё базасини кескин кенгайтириш зарурлигини таъкидлади.

Фото: Президент матбуот хизмати.

Соҳага хорижий инвесторларни жалб қилиш учун геология-қидирув ишларини ташкил этишга бўлган ёндашувни ҳам ўзгартириш керак. Шу мақсадда истиқболли майдонларни шакллантириш, уларни хорижий инвесторларга бериш, геологик қидирув ўтказиш ва солиққа тортиш тизимларини халқаро тажриба асосида такомиллаштириш бўйича топшириқлар берилди.

31 та стратегик фойдали қазилма майдон ва конлар жойлаштирилган онлайн аукционга чет эллик сармоядорларни кенг жалб этиш муҳимлиги айтиб ўтилди.

— Геология соҳасида 50 фоиз вақт инвестиция билан шуғулланишга сарфланиши керак. Инвестиция келмаса, геологияда вазият ўзгармайди. Узоқ йиллик мавҳум режалар эмас, қисқа муддатли, аниқ ва натижадор режалар керак, — деди Шавкат Мирзиёев.

Етакчи аудиторлик ва консалтинг компаниялари билан ҳамкорликда соҳадаги давлат корхоналарини трансформация қилиш бўйича «йўл хариталари» ишлаб чиқиш вазифаси қўйилди.

Соҳа учун малакали кадрлар тайёрлаш, илм-фанни ривожлантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. «ЎзгеорангметЛИТИ» институтига илғор тажрибага эга хорижий компания жалб қилиниши белгиланди.

Йиғилишда мутасаддилар 2021−2022 йилларда амалга ошириладиган чора-тадбирлар юзасидан ахборот берди.

Фото: Президент матбуот хизмати.

Соҳани модернизация қилиш чора-тадбирлари ҳақидаги тақдимотдан кўриш мумкинки, соҳани молиялаштиришга 2017 йилда 51 млрд сўм ажратилган бўлса, 2019 йилга келиб бу кўрсаткич 161 млрдни ташкил этган. 2020 йилда 378 млрд бўлиши кутилмоқда. 2021 йилда эса 257 млрд сўм ажратилиши кўзда тутилган.

2017 йилда жами ускуналарнинг янгилари 18 фоизни, эскилари эса 82 фоизни ташкил этганини кўриш мумкин. 2019 йилга келиб, 31 фоизгача ускуналарни янгилашга эришилган. 2020 йилда 39 фоизга, 2021 йилда эса 44 фоизга етказиш режалаштирилмоқда.