Facebook тармоғидаги «Потребитель.уз» гуруҳи жуда қизғин муҳокама майдонига айланиб кетди. Унда Зуҳра Набиева исмли фойдаланувчи мактаб дастурига Science (табииёт) фанининг киритилиши бўйича ўз муносабатини баён этиб, Халқ таълими вазири Шерзод Шерматовга очиқ хат билан мурожаат қилган.

Бироз аввал Халқ таълими вазирлиги қошидаги Республика таълим маркази 1−6-синфлар ўқув дастурига Science фани киритилиши ҳақида хабар берганди. Хабар берилишича, янги фан мактаб дастурида аввалдан мавжуд бўлган 6 та фан: бошланғич синфлар учун «Атрофимиздаги олам» ва табиатшунослик, юқори синфлар учун эса география, биология, физика ва кимёни ўз ичига олади. Фаннинг ўқув дастури лойиҳаси омма эътиборига ҳавола этилиб, муҳокамага қўйилган эди.

Юқоридаги янгиликка ўз фикрини билдирар экан, Зуҳра Набиева: «Агар 6 фанни бирлаштирган Science фани киритилса, ўқувчилар бу фанларни фақат юзаки ўрганишади, бу эса таълим сифати тушиб кетишига олиб келади», — деб ёзади. Мурожаатнома муаллифи физика, кимё, география, биология фанлари алоҳида ўқитилиши тарафдори. Бироқ ўқувчиларни дунёни яхлит қабул қилишга ўргатиш мақсадида Science фанини факультатив сифатида қолдиришни таклиф қилган.

Ушбу очиқ мурожаат гуруҳда қизғин муҳокама қилинди: 3500 дан ортиқ «лайк» ва 800 та изоҳ йиғди. Кўпчилик изоҳларнинг мазмуни «Бу ислоҳотларнинг мақсади бир — аҳолининг фикрлашини ўлдириш. Чунки калтафаҳм жамиятни бошқариш осонроқ» деган хулосага бориб тақалади.

Конспирологик назарияларни четга сурган ҳолда айтиш лозимки, назаримда, табиий фанларни интеграциялашган ҳолда ўқитиш — 2030 йилгача халқ таълимини ривожлантириш Концепциясида белгиланган вазифаларни амалга ошириш йўлида керакли қадамлардан бири. Менинг диққатимни эса хат муаллифи айтиб ўтган бошқа фикр жалб этди.

Мактубда шундай дейилган: «Буюк Британияда дунёнинг энг нуфузли мактаблардан бири бўлмиш Итон мисолида фанларни алоҳида-алоҳида ўқитиш тизимига ўтишга ва босқичма-босқич бу тизимни бутун мамлакатга жорий қилишга қарор қилинди. Маълум бўлишича, бу мактабда (Итонда) дарслар совет дарсликларидан ўтилаётган экан».

Келинг, бу қанчалик ҳақиқатга яқин эканлигини аниқлаймиз. Собиқ Иттифоқ тарқалиб кетганига яқинда 30 йил тўлади. Иттифоқ даврида яратилган энг сўнгги дарсликлар 1991 йил, емирилиш арафасида чоп этилган тақдирда ҳам, ундаги маълумотлар эскириб бўлган. Бир семестр учун ўқиш тўлови 14 минг фунт стерлингдан кўпроқ (ўқув йили эса уч семестрдан иборат) бўлган Итон коллежи маълумотлари эскириб кетган китоблардан фойдаланиши даргумон.

Бундан ташқари, мактаб берган маълумотларга кўра, унинг битирувчилари Британиянинг GCSE ва A-level имтиҳонларида юқори натижаларни кўрсатиб келишади. Бу синовлар эса, «совет тажрибасини қўллаш» ҳақида ҳеч нарса дейилмаган Британия миллий ўқув дастурига асосланади. Шундай экан, 30 йиллик китоблардан фойдаланиб, бу имтиҳонларда яхши натижа олиш имконсиз. Хўш, унда юқорида келтирилган Итон мактаби, умуман, бутун Британия Собиқ Иттифоқ дарсликларига ўтаётгани ҳақидаги маълумот нимага асосланган?

Очиқ хат тагида қолдирилган изоҳларнинг бирида «Новые известия» газетасидаги бир мақолага ҳавола келтирилган. Унда ёзилишича: «Британия сиёсатчиси, собиқ таълим вазири Грининг хоним ўзининг телевидениедаги чиқишида Англия ўқувчилари энди Ландау ва Колмогоровнинг китобларидан таълим олишаётганини айтди». Газетада Грининг гўёки шундай дегани ёзилган: «Совет таълим тизимига ўтиш натижасида, Британия мактаблари ўқувчилари Европанинг бошқа мамлакатларидаги энг обрўли ва қиммат мактабларда таҳсил олаётган болаларга қараганда юқорироқ билим даражасини намойиш этмоқдалар».

Жастин Грининг Тереза Мей Бош вазир бўлган даврда 2016 йил июлидан 2018 йил январига қадар таълим вазири бўлиб келган. Аҳамиятлиси, Британиянинг совет таълим тизимига ўтиши ҳақидаги юқорида келтирилган хабарни чоп этган ҳеч қайси сайт собиқ вазирнинг асл интервьюсига ҳавола келтирмаган. BBC телерадиокомпанияси ва Британия таълим вазирлигининг расмий сайтларида бунга оид ҳеч қандай хабарлар топилмади.

Россиянинг «Вести образования» газетаси Уэльс таълим департаменти собиқ бош директори Девид Ҳоукерга ҳавола бериб, Грининг берган маълумотлар ҳақида тарқалган хабарлар сохталигини айтиб ўтади. «Совет дарсликлари ёки методикасининг Британия мактабларига кириб келиши — бўлмаган гап», — деб ёзилади газетада.

Сохта хабарларни фош қилишга ихтисослашган Грузиянинг Factcheck.ge портали Грининг билан интервью ҳақидаги хабарларни 2018 йилнинг сохта хабарлар етакчи бешлигига киритган. Шунингдек, бу хабарлар «Georgian Thought» агентлиги томонидан тарқатилгани айтиб ўтилган. Порталнинг яна қайд этишича, мисол учун, Совет Иттифоқи даврида Лев Ландау дарсликларидан мактабларда эмас, олий ўқув юртларида фойдаланилган.

Қозоғистоннинг маҳаллий ва Марказий Осиё бўйича янгиликларни текширувчи Factcheck.kz портали ҳам бу сохта хабар дастлаб 2018 йил ноябрь ойларида «Правда-ТВ» ва «Панорама» саҳифаларида эълон қилингани, кейинчалик ижтимоий тармоқларга тарқаганини ёзади. Бу икки сайтдан биринчиси NewsGuard лойиҳаси томонидан мунтазам сохта хабарлар тарқатувчи сайт сифатида баҳоланган. У чоп этган хабарлар сирасидан «Британия қироллик оиласининг барча аъзолари — рептилиялар» қабилидаги «хабар»ни топиш мумкин. «Панорама» сайти эса ундаги барча хабарлар сатира йўналишида бўлиб, тўқима эканлиги ҳақида огоҳлантиради.

Маълумотлар оқими улкан бўлган бугунги даврда қайси хабар ишончли, қайси бири сохта эканлигини аниқлаб олиш жуда қийин. Шундай бўлса ҳам, ўта аҳамиятли мавзуларда (таълим мавзуси ҳамиша шундайлар сирасига киради) маълумот эълон қилишдан олдин пухта текширилиши ва қайта текширилиши лозим. Ахир, шуларга асосланиб, маълум бир хулосаларга келинади. Агар фарзандларимиз мантиқий фикрлайдиган, тўғри таҳлил қила оладиган бўлиб улғайишини истасак, биз ўзимиз — таълим тизими вакиллари шундай кўникмаларга эга бўлишимиз лозим. Ахир, ўзимизда йўқ нарсани болаларга қандай ўргата оламиз?

Муаллиф фикри таҳририят нуқтайи назарини ифодаламаслиги мумкин.

Мақола таржимаси Khan Academy Oʻzbek томонидан тақдим этилди.