17 ноябрь куни Молия вазирлиги Лондон фонд биржасида Ўзбекистоннинг суверен халқаро облигацияларини (евробондлари) жойлаштирилишини эълон қилди.

Молия вазирлигининг «Газета.uz»га маълум қилишича, евробондлар 10 йил муддатга чиқарилади. Облигацияларнинг умумий қиймати ошкор қилинмади.

Евробондлар — бу эмитент учун чет эл валютасида кўрсатилган узоқ муддатли қимматли қоғозлар. Евробондларни узоқ муддат давомида (1 йилдан 40 йилгача) маблағ жалб этишга қизиққан томонлар, яъни халқаро ташкилотлар, ҳукуматлар, йирик корпорациялар чиқаради. Муайян вақтдан кейин евробондлар сотиб олиниши керак бўлади. «Евро» префиксига қарамай (биринчи бундай қимматли қоғозлар Европада пайдо бўлган), бугунги кунда улар турли хил валюталарда турли бозорларда чиқарилмоқда.

Халқаро инвестиция банклари ва юридик фирмаларга таклиф учун сўровлар юборилди ва қуйидаги андеррайтер банклар, қўшма букраннерлар ва юридик маслаҳатчилар танлов асосида танланди:

  • банк андеррайтерлари — Сiti (AҚШ), J. P. Morgan Сhase (AҚШ), Societe Generale (Франция), VTB Capital (Россия) ва «Газпромбанк» (Россия);
  • юридик маслаҳатчи — White & Case LLP (Буюк Британия).

Бундан ташқари, Молия вазирлиги эмиссия проспекти ва бошқа ҳуқуқий ҳужжатларни ҳам тайёрлади.

«Роуд-шоу» доирасида AҚШ, Буюк Британия, Германия, Франция, Дания ва Швейцария каби давлатларнинг халқаро инвесторлари иштирок этадиган халқаро инвесторлар билан телеконференция ўтказилиши режалаштирилган. Шунингдек, 17−18 ноябрь кунлари халқаро инвесторлар билан телеконференциялар «яккама якка» тартибда бўлиб ўтади.

Молия вазирлиги 19 ноябрь куни жаҳон молия бозорларидаги вазиятдан келиб чиқиб, суверен евробондлар чиқарилиши тўғрисида қарор қабул қилади.

2019 йил ноябрь ойи охирида Молия вазирининг ўринбосари Aҳадбек Ҳайдаров 2020 йилда Ўзбекистон камида 500 млн доллар миқдоридаги давлат евробондларини қайта чиқариши мумкинлиги ҳақида хабар берган эди.

Ўтган йилнинг февраль ойида Ўзбекистон ўз тарихида биринчи бўлиб умумий қиймати 5 млрд долларлик бўлган 5 ва 10 йиллик евробондларни жойлаштирди.