2020 йилнинг январь-октябрь ойлари давомида жисмоний шахслар томонидан банкларга сотилган чет эл валютаси миқдори 3,7 млрд АҚШ долларини ташкил этиб, аввалги йилнинг мос даврига нисбатан 25 фоизга ёки 744 млн долларга ошди, дея хабар берди Марказий банк матбуот хизмати.

Шунингдек, жисмоний шахслар томонидан банкларда сотиб олинган валюта ҳажми эса 3,3 млрд долларга тенг бўлиб, ушбу кўрсаткич ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 2,7 баробар ошди (2019 йилнинг мос даврида — 1,2 млрд доллар).

Бунда ушбу маблағларнинг 79 фоизи аҳоли томонидан валюта айирбошлаш шохобчалари орқали нақд кўринишда ҳамда 21 фоизи ёки 687 млн доллар муқобил тартибда (онлайн конверсия, автоматлаштирилган айирбошлаш банкоматлари ва ҳоказо) харид қилинган.

Натижада ушбу операциялар бўйича ижобий сальдо (соф таклиф) 350 млн долларга етди.

Манба: Марказий банк

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ январь-июль ойларида аҳоли томонидан банкларга 2,5 млрд доллар сотилгани ва сотиб олинган валюталар ҳажми эса 2 млрд долларга тенг бўлгани ҳақида хабар берган эдик.