3 йил ичида ҳунармандчилик лойиҳаларини амалга ошириш учун 100 млн АҚШ долларига тенг кредит ресурслари ажратилди. Бу ҳақда Республика «Ҳунарманд» уюшмаси раиси Улуғбек Абдуллаев маълум қилди.

Ушбу кредит маблағлари ҳисобига ҳозирда 158 минг ҳунарманд-шогирдлар бандлиги таъминланди.

«100 млн доллар жалб қилиниши эвазига 28 000 та, яъни қарийб 891 млрд сўмлик лойиҳалар амалга оширилди. Ҳудудлар кесимида олиб қараганда ҳам, масалан Фарғона, Андижон, Наманган, Самарқанд, Хоразм вилоятлари ва Қорақалпоғистон республикасида ҳам лойиҳалар сони ва қиймати олдинги йилларга нисбатан ошган», — дея аниқлик киритди Улуғбек Абдуллаев.

Ҳунармандчилик учун ажратилган кредитнинг асосий қисми янги асбоб-ускуналарни харид қилиш ва хомашёга йўналтирилганлиги маълум қилинди.

Бундан ташқари, ҳунарманд-шогирдларга Уюшма томонидан QR-кодли махсус гувоҳнома берилди. Улар тегишли ҳудуддаги бандлик бўлими орқали Уюшма ва Савдо-саноат палатаси билан уч томонлама тизим асосида фаолият юритади.