Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаев мамлакатдаги Covid-19 бўйича ҳақиқий статистикани яширмасликка чақирди. Бу ҳақда 16 ноябрь куни бўлиб ўтган йиғилишда маълум қилди.

«Юқтирганларни аниқ рўйхатдан ўтказиш — бу вирусга қарши курашнинг мутлақ талабидир», — деди Қозоғистон раҳбари. Унинг сўзларига кўра, мамлакатнинг бир қатор ҳудудларида коронавирус инфекциясининг янги ҳолатларини яшириш фактлари аниқланди.

«Сиз шуни тушунишингиз керакки, ҳаёлпарастлик ўта хавфли ҳодиса, чунки у ҳақиқий таҳдидлар манзарасини бузади, шунингдек бутун мамлакат бўйлаб коронавирус инфекциясига қарши кураш стратегиясини бузади. Мавжуд вазият кам баҳоланган, кўрилаётган чоралар чала ярим, фуқаролар орасида эпидемиологик огоҳлик пасаймоқда. Бу аллақачон дунёнинг кўплаб мамлакатларига тааллуқли аксиома бўлиб, у ерда ҳам ушбу тенденция кузатилмоқда. Шуни тан олиш керакки, ушбу муаммо бизнинг соғлиқни сақлаш тизимимизда сурункали ҳолатга айланди», — деди Қасим-Жомарт Тоқаев.

У Соғлиқни сақлаш вазирлигига Миллий статистика бюроси билан биргаликда тиббий статистикани шакллантириш, баҳолаш ва таҳлил қилиш бўйича комплекс ёндашувларни ишлаб чиқишни буюрди.

Қозоғистон раҳбари тиббиёт ташкилотларининг тайёрлик даражаси етарли эмаслигини ҳам таъкидлади. «Касалхоналарни тўлиқ зоналаштириш амалга оширилмаган, натижада беморлар ва ходимларнинг юқтириш хавфи сақланиб қолмоқда. Деярли барча ҳудудларда интенсив терапия бўлимларида кадрлар етишмаяпти. Хусусан, коронавирус инфекциясига чалинган оғир беморларни даволаш учун баъзи дорилар ва бир қатор тиббий асбоблар етишмаслиги мавжуд. Минтақалар дори-дармонларни ўзларининг хоҳишига кўра, мавжуд даволаш протоколларини ҳисобга олмасдан сотиб олишади», — деди Қасим-Жомарт Тоқаев.

«Биринчи тўлқин пайтида биз коррупцияга дуч келдик. Булар тиббий ниқоблар ва дори-дармонларнинг ортиқча нархи, назорат пунктларидаги қоидабузарликлар, шифокорларга тўловларни тайинлашдаги коррупциялар эди. Назорат органлари, яъни полиция, ҳокимият ва кузатув гуруҳлари ишининг сифати алоҳида эътиборни талаб қилади. Пандемия пайтида уларга кенг миқёсда, дейиш мумкин, корхоналар ва фуқароларни текшириш учун фавқулодда ваколатлар берилди. Ва бу оқланади. Ушбу ваколатлар тўғри тасарруф этилиши ва суиистеъмол қилинмаслиги керак», — дея хулоса қилди Қасим-Жомарт Тоқаев.