Сешанба куни президент матбуот хизмати ҳозирда Ўзбекистонда COVID-19 беморлари учун мўлжалланган 89 та мажмуада 17,5 мингта койкалар борлигини маълум қилди. Айни вақтда ушбу мажмуаларда 6570 нафар бемор даволанмоқда.

«Газета.uz» ва қатор блогерлар ушбу маълумот Соғлиқни сақлаш вазирлигининг берган статистик маълумотларига мос келмаслигига (17 ноябрь 19:00 ҳолатига кўра мамлакатда 2123 нафар коронавирус бемори даволанмоқда) эътибор қаратишди.

ССВ коронавирусга чалинганларни даволашга ихтисослашган шифохоналар ва расмий статистикадаги фарқларга изоҳ берди.

Унга кўра «Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан бериладиган расмий статистик маълумотларда фақатгина инфекция тасдиқланган беморлар киритилади», — дейилади хабарда.

«Шифохоналарда эса касалликнинг баъзи белгилари мавжуд бўлиб, касаллик гумон қилинган, лекин вирус тасдиқланмаган, шунингдек, пневмонияга чалинган ёки унга ҳам гумон қилинган беморлар бўлади. Улар расмий статистикага киритилмайди».

«Касаллик тасдиқланса улар дарҳол расмий статистикада қайд этилади ва юқумли касалликлар шифохоналарига йўналтирилади. Шунинг учун коронавирус тасдиқланмаган, лекин бошқа касалликлардан даволанаётган беморлар ҳам жуда кўп. Шуларнинг ҳисобига шифохоналардаги беморлар сони коронавирусдан даволанаётган беморларнинг вазирлик эълон қилаётган расмий миқдоридан фарқли эканини кўриш мумкин», — дея аниқлик киритди Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати.