Октябрь ойида Сирдарёда ЙПХ инспектори Б.Бобожонов ҳамда «сирена» мосламасини ёқиб келганликда гумонланиб тўхтатилган Ласетти русумли транспорт воситаси ҳайдовчиси ўртасида келишмовчилик келиб чиқади. Ходим мазкур ҳолатни суратга олгани учун ҳайдовчининг уяли алоқа воситасини олиб қўйган. Ижтимоий тармоқларда тарқалган хабардан сўнг, Сирдарё вилояти ИИБ ЙҲХБ томонидан хизмат текшируви тайинланганди.

Мазкур ҳолат юзасидан ИИВ Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси батафсил ахборот берди.

«Мазкур ҳолат юзасидан ўтказилган хизмат текширувида, Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 1 декабрдаги қарори билан тасдиқланган «Йўл-патруль хизмати ходимларининг йўл ҳаракати қатнашчилари билан ўзаро муносабатлари ҳамда махсус мосламалардан фойдаланиши тартиби тўғрисида"ги низом ҳамда ИИВнинг айрим меъёрий буйруқ талабларини бузганлиги учун Сирдарё вилояти ИИБ ЙҲХБ ЙПХО ЙПХ инспектори Б.Бобожанов эгаллаб турган лавозимидан озод этилиши бўйича хулоса қабул қилинди», — дейилади хабарда.

Воқеа 7 октябрь куни М-34 автомобиль йўлининг 90-километрида содир бўлганди. Фуқаро ва ЙПХ ходими келишмовчилигига ҳайдовчининг яқинлари ҳам аралашади ва шахсий уяли алоқа воситаси ёрдамида тасвирга олишади. Сафдор Б.Бобожонов ўзини тасвирга олишига қаршилик кўрсатганди.

Эслатиб ўтамиз, Ҳукуматнинг 2018 йил йил 1 декабрдаги [975-сон] қарори билан тасдиқланган низомгнинг 4-боби, 18 бандига кўра мувофиқ, ЙПХ ходими билан ўзаро муносабатини ўзига тегишли аудио, фото ва видео қурилмага қайд қилиш мумкин. ЙПХ ходими томонидан фото ва видео тасвирга олиш тақиқланган белги мавжуд ҳудудларда хизмат олиб бориш ҳолатлари бундан мустасно. Қолаверса, хизматни мобиль видеокамерасиз олиб бораётган ЙПХ ходимига ҳужжатларни тақдим этмаслик ҳуқуқига ҳам эга.

Ҳудди шу низомнинг 3-бобида ЙПХ ходимининг йўл ҳаракати қатнашчилари билан ўзаро муносабатларидаги ҳуқуқ ва мажбуриятлари ҳам белгилаб қўйилган.