14 ноябрь куни Нукус шаҳрида Олий Мажлис Сенати раиси Танзила Нарбаева иштирокида 2020−2023 йилларда Қорақалпоғистон Республикасини комплекс ривожлантириш дастурининг бажарилишини таъминлаш ва бу борадаги вазифаларга бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди, дея хабар берди Олий Мажлис Сенати матбуот хизмати.

Йиғилишда президент томонидан 2 октябрь куни Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг навбатдан ташқари сессиясида ҳудудни ривожлантириш, аҳоли ҳаётини яхшилаш бўйича белгилаб берган вазифаларнинг ижросини таъминлаш масалалари муҳокама қилинди. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси Қахраман Сариев Дастур доирасида амалга оширилиши режалаштирилган лойиҳалар бўйича ахборот берди.

Маълумотга кўра, 2020−2022 йилларда Оролбўйида умумий қиймати 12 трлн 300 млрд сўм бўлган 1 минг 359 та инвестиция лойиҳаси амалга оширилади. Шундан 523 млн долларлик тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ўзлаштирилади ва қарийб 20 мингта янги иш ўрни яратилади.

Таъкидланишича, бу бўйича Қорақалпоғистон Республикасини 2020−2023 йилларда комплекс ривожлантириш дастури ишлаб чиқилган. Дастурда ҳар бир шаҳар ва туманнинг «ўсиш нуқта"лари белгиланди ҳамда ижроси бўйича масъуллар белгиланди.

Эслатиб ўтамиз, 10 ноябрь куни президент раислигида Қорақалпоғистонни ривожлантириш масалаларига бағишланган видеоселектор бўлиб ўтган эди. Унда 856 км автомобиль йўлларини таъмирлаш, ичимлик суви таъминотини 70 фоизга етказиш ҳамда 9 мингдан ортиқ арзон уйлар бунёд этиш таъкидланганди.