Наманган вилоятида Алишер Усмонов томонидан Халқаро бизнес марказ қурилиши режалаштирилмоқда. Бу хақда Наманган вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.

Наманган шаҳрининг Амир Темур кўчасидаги собиқ «Кичкинтойлар боғи» ўрнида UMS Holding асосчиси, машҳур тадбиркор Алишер Усмонов томонидан Халқаро бизнес маркази қурилиши режалаштирилган. Ушбу марказ ичига Конгресс-холл, бизнес мактаби, меҳмонхона, экопарк, спорт-соғломлаштириш иншоотлари киритилади. Бундан ташқари сунъий кўллар, фавворалар, автотураргоҳлар барпо этилади.

Вилоят маъмурияти матбуот хизматининг «Газета.uz»га хабар беришига кўра, Халқаро бизнес марказ лойиҳаси турк меъморлари томонидан ишлаб чиқилган. Объектларнинг қурилиши эса Алишер Усмонов бошчилигида амалга ошади. 18 қаватли беш юлдузли меҳмонхонанинг нархи, дастлабки маълумотларга кўра, 18.5 млн долларни ташкил этади.

«Халқаро бизнес маркази қурилиши баҳор ойларидан бошланади. Бу ерда келгусида халқаро симпозиумлар, бизнес-форумлар ўтказилиши кўзда тутилган. Шу орқали Наманганга инвестициялар кириб келиши жадаллашади, бизнес-туризм учун кенг имкониятлар яратилади. Мазкур марказ Наманганнинг ўзига хос брендига айланади», — деди вилоят ҳокими Шавкатжон Абдураззақов.


Фото: Наманган вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати.

Вилоят ҳокими Халқаро бизнес марказ қурилиши режалаштирилаётган худудуда ободонлаштиришга эътибор қаратиш, котлован атрофида хавфсизлик масалаларини кўздан қочирмаслик зарурлигини таъкидлади.

Эслатиб ўтамиз, Россиялик тадбиркор, USM Yoldings асосчиси Алишер Усмонов «Обод қишлоқ» ва «Обод маҳалла» дастурларига 50 млн доллар миқдорида хайрия ажратгани ҳақида хабар берган эдик. Президент Шавкат Мирзиёев ноёб лойиҳалар сифатида Наманганда Алишер Усмонов номидаги халқаро бизнес маркази ва бизнес мактабини очишни таклиф қилган эди.

Аввалроқ «Халқ сўзи» мазкур Халқаро бизнес марказ 18 қаватли бинодан ташкил топиши ҳақида хабар берган эди.