Молдованинг собиқ бош вазири, «Ҳаракат ва бирдамлик» мухолиф партияси раҳбари Майя Санду Молдова президенти сайловларининг иккинчи босқичига кўра, яъни мамлакат ичидаги сайлов участкаларининг барча баённомалари кўриб чиқилгач, умумий натижаларга кўра етакчилик қилмоқда. Бу ҳақда РИА Новости хабар берди.

Сайловлар 15 ноябрь куни бўлиб ўтди. Участкалардан олинган баённомаларнинг 99,35 фоизи қайта ишлангандан кейин Санду 57,42% овоз, унинг рақиби — амалдаги президент Игор Додон 42,58% овоз олгани маълум бўлган.

Марказий сайлов комиссиясининг маълум қилишича, сайловларда қатнашиш кўрсаткичи 52,76 фоизни ташкил қилган ва уларда 1,6 млндан ортиқ сайловчи иштирок этган.

Ҳозирда АҚШ ва Канададаги сайлов участкалари овозларни қабул қилишда давом этмоқда.

Қонунга кўра, барча овозларнинг ярмидан кўпини олган номзод ғолиб деб топилади, иккинчи босқичда сайловларда иштирок этиш бўйича аниқ чегара йўқ.

1 ноябрда ўтган сайловларнинг 1-босқичида номзодларнинг бирортаси ҳам 50% дан ортиқ овоз йиға олмаган эди.

Сайловларнинг якуний натижалари Канада ва АҚШда овоз бериш якунлангандан кейин эълон қилинади. Молдовада президент 4 йилга сайланади. Амалдаги президент Додоннинг ваколати 23 декабр куни тугайди. Янги президент инаугурацияси шу санадан кейин ўтказилади.