2023 йил 1 январдан бошлаб барча раҳбар ва маъсул лавозимга тайинланадиган шахслар учун давлат тилини билиш даражаси бўйича сертификатга эга бўлиш мажбурий этиб белгиланиши мумкин. Бу ҳақда тегишли ҳукумат қарори лойиҳаси Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар муҳокамаси порталида эълон қилинди.

Ҳужжат лойиҳасида 2021 йил 1 апрелдан бошлаб ўзбек тили ва адабиёти бўйича билимни баҳолашнинг миллий тест тизими асосида раҳбар кадрларнинг давлат тилида расмий иш юритиш ҳамда масъул лавозимларга тайинланадиган шахслар учун давлат тилини билиш даражасини аниқлаш ва сертификат бериш тизими жорий этилиши кўзда тутилган.

Раҳбар кадрлар ҳамда масъул лавозимларга тайинланадиган шахсларга давлат тилини билиш даражаси бўйича тест синовларида иштирок этиш учун Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети ҳузуридаги Давлат тилида иш юритиш асосларини ўқитиш ва малака ошириш марказида ўзбек адабий тили меъёрлари ва давлат тилида иш юритиш бўйича қисқа муддатли ўқув курсларида малака оширишлари талаби қўйилиши кутилмоқда.

Масъул лавозимларга тайинланадиган шахсларнинг давлат тилини билиш даражасини аниқлаш ва уларга сертификат беришни Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест марказига топшириш таклиф қилинмоқда.

Сертификат раҳбар кадрлар ҳамда масъул лавозимларга тайинланадиган шахслар учун давлат тилини билиш даражасини аниқлаш бўйича тест синовлари (кейинги ўринда — тест синовлари) натижаси бўйича энг юқори баллнинг камида 70 фоизини тўплаган ходимларга 5 йил муддатга берилишини кўзда тутилмоқда.

Лойихада таклиф қилинишича, раҳбарлар ҳамда масъул лавозимларга тайинланадиган шахсларнинг давлат тилини билиш даражасини аниқлаш учун тузиладиган тест топшириқлари марказ ўқув дастурига мувофиқ шакллантирилади. Бунда, тест топшириқлари ДТМ тасдиқлаган талаб асосида марказ тавсия этган мутахассислар томонидан шакллантирилади.

Қарор лойиҳаси муҳокамаси 28 ноябргача давом этади.

Эслатиб ўтамиз, президентнинг октябрдаги фармонида 2021 йил 1 апрелдан раҳбар кадрларнинг давлат тилида расмий иш юритиш даражаси аниқланади ҳамда масъул лавозимларга тайинланадиган шахслар учун давлат тилини билиш бўйича даража сертификатлари жорий этиш белгиланган эди.