Давлат раҳбарининг 2019 йил 27 майдаги [ПФ-5729-сонли] фармонига асосан «Ўзбекистон Республикасининг «Давлат харидлари тўғрисида"ги Қонуннинг янги лойиҳаси Молия Вазирлиги томонидан ишлаб чиқилиб, Олий Мажлис қонунчилик палатаси муҳокамасига киритилди. Бу ҳақда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Дониёр Ғаниев хабар бермоқда.

Таъкидланишича, мазкур ҳужжат давлат харидлари тизимини янада такомиллаштириш, соҳада очиқлик ва шаффофликни таъминлаш, харидлар жараёнини соддалаштириш ва рақамлаштириш, коррупция ҳолатларини бартараф этиш, шунингдек, давлат харидлари тартибини бузганлик учун жавобгарлик белгилаш ва улар устидан жамоатчилик назоратини кучайтиришни назарда тутади.

Хабарда янги қонун лойиҳасида демократик принципларга асосланган бир қатор ижобий таклифлар илгари сурилаётгани айтилмоқда.

«„Олмалиқ КМК“ АЖ, „Ўзбекнефтгаз“ АЖ, „Ўзбекистон темир йўллари“ АЖ ва Uzbekistan Airways АЖ каби стратегик аҳамиятга эга бўлган 24 та йирик хўжалик жамиятлари ва корхоналар харидлари ҳам энди қонунга мувофиқ белгиланган тартиб асосида амалга оширилиши белгиланмоқда. Маълумот учун, ушбу стратегик аҳамиятга эга хўжалик жамиятлари ва корхоналар томонидан 2019 йилда қарийб 47,6 трлн сўмлик ёки ЯИМнинг 9,3 фоизига тенг давлат харидлари амалга оширилган. Бу эса ўтган йилги жами давлат харидларининг 48 фоизига тенг», — дея таъкидлади депутат.

Амалдаги қонунчиликка мувофиқ, корпоратив буюртмачилар сифатида давлат корхоналари, устав фондида давлат улуши 50 фоиздан ортиқ бўлган юридик шахслар ҳамда улар 50% дан ортиқ улушга эга бўлган юридик шахслар белгиланган. Лекин амалиётда ушбу ташкилотлар томонидан «набира» ташкилотлар ёки улушлар йиғиндиси сифатидаги ташкилотлар ташкил этиш ҳолатлари кузатилмоқда. Мисол учун, «Ўзавтосаноат» АЖ 100% давлат улушига эга юридик шахс ва ўз навбатида, жамият «Ўзавтокомпонентс» МЧЖда 100% улушга эга. «Ўзавтокомпонентс» МЧЖ эса «UzAutoMotors»га эҳтиёт қисмлар ишлаб чиқарувчи Uzsungwoo МЧЖ, Uz-Koram kompani МЧЖ ва «Автоойна» МЧЖ каби бир қатор корхонларада улушга [50% дан ортиқ] эга. Лекин амалдаги тартибга кўра, бу каби давлат улушига эга «набира» корхоналар томонидан амалга оширилаётган харидлар устидан назорат ўрнатиш имкони йўқ, натижада бу корхоналар харидларларида коррупцияни ривожланишига ҳамда асли давлатники бўлган маблағларнинг осонликча талон-тарож қилинишига имконият қолдирмоқда.

Шу сабаб, янги қонун лойиҳасида давлат улуши бевосита ёки билвосита 50% дан ортиқ бўлган барча турдаги корхоналар ҳам энди давлат, корпоратив буюртмачи сифатида белгилаш кўзда тутилмоқда.

«Амалдаги қонунга мувофиқ ҳозирда харидларнинг фақатгина 2 та тури [электрон дўкон ва аукционъ электрон шаклда амалга оширилиши белгиланган бўлса, янги қонун лойиҳасида давлат харидларини амалга оширишнинг барча турлари, шу жумладан, тендер, энг яхши таклифларни танлаш савдолари ўрнатилган тартибда электрон шаклда амалга оширилиши белгиланмоқда. Бу эса харидларда инсон омили иштирокини қисқартиришга имкон яратади», — деди Дониёр Ғаниев.

Давлат харидларида иштирок этаётган тадбиркорлик субъектларининг асл эгалари кимлигига оид маълумотлар жамоатчиликдан яширилиши соҳадаги яна бир асосий муаммолардан ҳисобланади. Шу боис янги қонун лойиҳасида янада шаффофликни таъминлаш ва коррупцион ҳолатларни бартараф этиш мақсадида бенефициар мулкдорлар тўғрисидаги маълумотлар очиқланиши белгиланмоқда.

Аксарият давлат буюртмачиларининг эътирозларидан келиб чиқиб, харидларни амалга ошириш муддатлари қисқартирилмоқда [масалан, электрон бозор 48 соатдан бир иш кунига, аукционлар камида ўн кунлик талабдан камида беш кунга].

Давлат харидлари тўғрисидаги барча маълумотлардан кенг жамоатчиликнинг эркин фойдаланиш имконияти яратиш мақсадида давлат харидларига оид барча маълумотларни жамлаш, таҳлил қилиш ва мониторинг юритиш имкони берувчи махсус ахборот порталининг яратилиши кўзда тутилмоқда. Порталда давлат харидларини режалаштириш, харид қилиш тартиб-таомилларини амалга ошириш, шартнома тузиш, давлат харидлари мониторингини олиб бориш ва назорат қилиш жараёнлари тизимлаштирилади.

Бундан ташқари, давлат харидлари тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик учун давлат хариди субъектлари ва уларнинг мансабдор шахсларига жавобгарлик белгилаш мақсадида МЖТ Кодекснинг тегишли ўзгартишлар киритилмоқда.

Бюджет маблағларидан самарали ва мақсадли фойдаланиш парламент назорати ролини ошириш мақсадида амалга оширилган барча давлат харидлари устидан Ҳисоб палатаси томонидан аудитдан ўтказилади. Унинг натижалари йил якуни бўйича Олий Мажлис Қонунчилик палатасига киритилади ҳамда очиқ ахборот манбаларда эълон қилиб борилади.

«Ҳозирда Қонун лойиҳаси фракциялар томонидан кўриб чиқилмоқда ҳамда палатанинг навбатдаги ялпи йиғилишида биринчи ўқишда концептуал жиҳатдан муҳокама қилиниши кутилмоқда», — дейилади депутат хабарида.