20 ноябрдан 30 ноябрга (шу куни ҳам) қадар коллеж ва техникумларга саралаш имтиҳонлари ўтказилади. Бу ҳақда 2020−2021 ўқув йилида коллежлар ва техникумларга ҳужжат топширган абитуриентлар учун саралаш имтиҳонларини ташкил этиш билан боғлиқ масалалар юзасидан матбуот анжуманида маълум қилинди.

Коллеж ва техникумларнинг 178 тасида тест синовлари, 176 тасида эса ёзма имтиҳон, спорт соҳасидаги коллеж ва техникумларда эса касбий (ижодий) имтиҳонлар ўтказилиши режалаштирилган.

Имтиҳонлар 60 та йўналиш бўйича ўтказилади. Тест синовлари 195 836 нафар абитуриентдан, ёзма имтиҳонлар эса 50 649 нафар абитуриент учун ўтказилиши режалаштирилган.

Саралаш имтиҳонлари Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикасининг профессионал таълим муассасаларига ўқишга қабул қилишни ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»га қарорига мувофиқ амалга оширилади.

Тест синовларини ўтказиш манзили, ўтказиш графиги Давлат тест маркази билан ҳамкорликда тайёрланмоқда ва улар асосан тиббиёт, педагогика, темирйўл ва кончилик йўналишидаги коллежлар ва техникумларда ўтказилиши кўзда тутилган.

Ёзма иш имтиҳонлари эса хизмат кўрсатиш, қишлоқ хўжалиги, саноат, енгил саноат, транспорт, ветеринария ва қурилиш йўналишидаги коллежлар ва техникумларда ўтказилади.