Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ҳозирга қадар амалга оширилган ишлар юзасидан ҳисобот берди. Унда қайд этилишича, агентлик ташкил этилгандан буён жорий йилнинг 1 ноябрга қадар 275 та мурожаат келиб тушган. Шундан 243 таси (88,4%) белгиланган тартибда кўриб чиқилган.

Таъкидланишича, мурожаатлар суд қарорларидан норозиликлар (20,4%), маҳаллий ҳокимликлар мансабдор шахсларининг ноқонуний хатти-ҳаракатлари ва қарорларидан норозиликлар (7,6%), ер майдони ажратилмаётганлиги, ер низолари ва ер майдонлари талон-тарож бўлаётгани (6,2%), фирибгарлик жиноятларига оид (5,5%), прокуратура қарорларидан норозиликлар ва прокуратура органларига қилинган мурожаатлар ҳал бўлмаётгани (5,1%), соғлиқни сақлаш соҳасидаги қонунбузилиш ҳолатлари ва тиббиёт ходимларининг хатти-ҳаракатлари (5,1%) ва бошқаларга тўғри келмоқда.

Агентлик мурожаатлар юзасидан олиб борган ўрганишлари натижасида, кўп қаватли арзон уй-жойларга фотоэлектр тизимини ўрнатиш бўйича тендер савдоларини ташкил этишда қоидабузилиш ҳолатлари қайд этилган. Шу каби қуёш фотоэлектр тизимларини Қорақалпоғистон Республикаси, Бухоро, Қашқадарё, Тошкент ва Наманган вилоятларида қурилаётган 528 та хонадонга ўрнатиш белгиланган.

Аниқланишича, кўп қаватли арзон уй-жойларга фотоэлектр тизимини ўрнатиш ишларини бажариш бўйича пудратчи ташкилотларни танлаб олиш жараёнлари, президентнинг 2019 йил 28 ноябрдаги «Ипотека кредити механизмларини такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги [ПФ-5886] фармони талабларига амал қилинмасдан ташкил этилган.

«Шу муносабат билан, Агентлик томонидан масъул идораларга тақдимнома киритилди. Натижада, „Қишлоқ қурилиш инвест“ ИК» МЧЖ Қорақалпоғистон Республикаси, Бухоро, Қашқадарё ва Наманган вилоятлари ҳудудий филиаллари томонидан қуёш фотоэлектр тизимларини ўрнатиш бўйича танлов (тендер) савдолари ўтказмасдан пудратчи ташкилотлар билан олдин тузилган арзон уй-жойлар қурилиши шартномаларига қўшимча келишувлар бекор қилиниб, қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда танлов савдолари қайта ташкил этилди", — дейилади хабарда.

Бундан ташқари, Бухоро шаҳрида яшовчи фуқаро мурожаатида «DEVELOPMENT DREAM HOUSE» МЧЖ томонидан ўзбошимчалик билан қурилган қурилмани бартараф этиш бўйича суднинг қарори ижро қилинмаётганидан норози эканини билдирган. «DEVELOPMENT DREAM HOUSE» МЧЖнинг мансабдор шахсларига нисбатан Жиноят Кодексининг 232-моддаси билан жиноят иши қўзғатиш ҳақида сўровнома бош прокуратурага юборилган.

Шу билан бирга, Тошкент вилоятида яшовчи тадбиркорнинг 400 млн сўм пулларини фирибгарлик йўли билан қўлга киритган мансабдор шахсларга нисбатан чора кўрилмаётганлиги ва жиноят иши ЖПК нинг 84-моддаси 1-қисми 1-бандга асосан, ҳаракатдан тугатилганлигидан норозилигини билдирган. Жиноят иши ҳужжатлари агентлик томонидан ўрганиб чиқилиб, тергов бир томонлама ва тўлақонли ўтказилмагани сабабли, бош прокуратурага жиноят ишини ҳаракатдан тугатиш ҳақида қарорни бекор қилиш ҳақида тақдимнома киритилди.

Аввалроқ, Тошкент шаҳар ҳокимлиги ҳузурида 100 млрд сўмлик [$9,6 млн] рақамли ситуацион марказини қуришни ҳукумат тендер танловисиз амалга оширишга рухсат бергани ҳақида ёзган эдик. Лойиҳанинг бош пудратчиси сифатида Power Construction Planet танланган.