Аудиторияларга белгиланган сиғимнинг 50 фоизигача талабалар киритилади, дея маълум қилинди АОКАда Олий таълим вазирлиги мутасаддилари иштирокида бўлиб ўтаётган матбуот анжуманида.

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги бош бошқарма бошлиғи Абдували Холиқовнинг хабар қилишича, 30 кишилик аудиторияга 15 нафар талаба киритилади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ олий таълим муассасаларида 16 ноябрдан ўқув жараёни анъанавий шаклда давом эттирилиши ҳақида хабар берилган эди.

Анжуманда маълум қилинишича, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан талабалар ва уларнинг ота-оналари орасида ўқув жараёнини анъанавий шаклда бошлаш бўйича жамоатчилик фикрини ўрганиш мақсадида 19−21 октябрь кунлари онлайн ижтимоий сўровнома ўтказилган. Унинг натижаларига кўра, олий таълим муассасаларида ўқув жараёнини анъанавий шаклда бошлашни хоҳловчилар 345 428 нафарни (82%), масофавий шаклда давом эттиришни хоҳловчилар 75 808 нафарни (18%) ташкил этди.

ОТМлардаги аудитория ва хоналар ўқув жараёнига Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати ҳудудий бўлинмалари билан биргаликда тайёрланади. Дарсларни жуфтликлар шаклида ўтказиш анъанасидан воз кечилиб, жуфтликларга ажратилган вақт ўртасида ўқув хоналарини шамоллатиш мақсадида 5−10 дақиқалик танаффуслар жорий этилади.

Маълум қилинишича, ОТМ ва талабалар турар жойлари пирометр, дозатор ва антисептик воситалар билан жиҳозланади. Шунингдек, талабалар турар жойларида касалликка чалинган талабаларни изоляция қилиш учун «қизил зона», яъни изолятор ташкил этилади.