Президентнинг «Тиббий профилактика ишлари самарадорлигини янада ошириш орқали жамоат саломатлигини таъминлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида«ги қарори қабул қилинди.

Ҳужжатга мувофиқ, 2021 йил 1 январдан бошлаб 40 ва ундан юқори ёшдаги фуқароларда юрак қон-томир хавфини [гипертония, инфаркт, инсульт, қандли диабет ва бошқа хавф омилларини] аниқлаш бўйича тизимли равишда скрининг текширувлари ўтказилади.

Аҳолининг соғлом турмуш тарзини қўллаб-қувватлаш ва жисмоний фаоллигини ошириш марказининг туман ва шаҳар бўлимлари кўп тармоқли марказий поликлиникалари биноларида жойлашади. Уларнинг жамоат саломатлиги тизими мутахассислари фуқароларга тиббий-профилактик хизматлар [маслаҳатлар, кўриклар ва бошқалар] кўрсатади.

Волонтёрлар [шу жумладан, нафақадаги шифокорлар, ўқитувчилар, зиёлилар ва бошқалар] жамиятлари ташкил қилинмоқда. Улар маҳалла, мактабгача таълим, умумтаълим, олий ҳамда ўрта махсус таълим муассасаларида соғлом турмуш тарзини шакллантиришга кўмаклашади.

Аҳолининг соғлом турмуш тарзини қўллаб-қувватлаш ва жисмоний фаоллигини ошириш марказига республика бюджети ва маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан 2021 йилда 2 млрд сўм ажратилади. 2022 йил ва келгуси йилларда 2021 йилдан кам бўлмаган миқдорда маблағлар ажратилади.

Соғлом турмуш тарзини олиб бориш масалаларига бағишланган марказий, ҳудудий ва нодавлат телеканалларда «Саломатлик соати» ва бошқа махсус телекўрсатувлар ташкил қилинади.

Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида Касалликлар профилактикаси ва жамоат саломатлиги масалалари бўйича Мувофиқлаштирувчи комиссия ташкил этилмоқда.

Мувофиқлаштирувчи комиссия:

  • Мазкур қарорда назарда тутилган барча чора-тадбирларнинг тўлиқ, сифатли ва ўз вақтида ижросини ташкил этади.
  • Санитария-гигиена, эпидемияга қарши, замонавий ва якка тартибдаги чора-тадбирлар асосида соғлиқни сақлаш ва мустаҳкамлашнинг ижтимоий-профилактик йўналишларини ривожлантириш бўйича чоралар кўради.
  • Шунингдек, мулкчилик шаклидан қатъи назар барча корхона, муассаса ва ташкилотлар фаолиятини бирлаштирувчи, аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш, тарғиб этиш ва рағбатлантиришни назарда тутувчи яхлит тизим яратилишини таъминлайди.
  • Аҳоли саломатлиги ҳолатини мониторинг қилишнинг ягона интерактив тизимини яратиш ва бу борада замонавий ахборот ҳамда инновацион технологияларни жорий этилишини ташкил этади.
  • Халқаро стандартлар асосида доимий популяция текширувлари ва касалликларни келтириб чиқарувчи хавф омиллари бўйича тадқиқот ҳамда сўровлар ўтказилишини ташкил қилади.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги Мувофиқлаштирувчи комиссиянинг ишчи органи ҳисобланади. Комиссиянинг ўз вазифалари доирасида қабул қилган қарорлари давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий ижро ҳокимияти органлари ва бошқа ташкилотлар учун бажарилиши мажбурий этиб белгиланмоқда.