Тошкент ҳокимлиги қарзлар бозорига кириб, 500 млн долларлик еврооблигацияларни жойлаштиришни режалаштирмоқда. Бу ҳақда 6 ноябрь куни пойтахт ҳокими Жахонгир Ортиқхўжаев президент раислигида бўлиб ўтган йиғилишда маълум қилди, дея хабар берди «Газета.uz» мухбири.

«Еврооблигациялар масаласига келсак, шаҳар Fitch рейтингига эга. Унга 500 млн [доллар] бераман. 100 миллионни, рухсат берсангиз, шуни касалхоналарга ишлатсак», — деди шаҳар ҳокими Шавкат Мирзиёевга мурожаат қилиб.

Шу билан бирга, бюджет қонунчилигига биноан (142-модда) Ўзбекистоннинг шаҳар ва вилоятлари ички ёки ташқи бозорда қарз маблағларини жалб қилиш ҳуқуқига эга эмас. Шу билан бирга, мамлакат президентининг фармони билан (ПФ-5515) Тошкентга ички облигацияларни чиқариш бўйича эксклюзив ҳуқуқ берилди (еврооблигациялар ташқи бозорга чиқишни таъминлайди), яъни пойтахт ҳокими ўзини қоплайдиган инвестицион лойиҳалари учун аҳолининг фойдаланилмаётган маблағларини пойтахт облигациялари ёки ташкил этиладиган тадбиркорлик субъектлари акциялари кўринишидаги қимматли қоғозларни чиқариш йўли билан жалб қилиши мумкин.

«Газета.uz» бу бўйича пойтахт маъмурияти матбуот хизматидан тушунтириш ололмади. Шу билан бирга, Молия вазирлиги ҳокимиятнинг облигациялар чиқариш режаларидан хабардор эмаслигини маълум қилди. Эслатиб ўтамиз, Молия вазирлиги суверен қарз олиш бўйича барча операцияларни, шу жумладан корпоратив (банк) қарз мажбуриятларининг эмиссиясини назорат қилиш ваколатига эга орган ҳисобланади.

Аввалроқ, президент Тошкентдаги соғлиқни сақлаш тизими умуман ишдан чиққанлигини — тартиб, интизом ёки талаб йўқлигини таъкидлаган эди. У соғлиқни сақлаш вазирининг ўринбосари Анвар Алимов ва ҳоким Жаҳонгир Ортиқхўжаевга Туркия ва бошқа мамлакатларнинг соғлиқни сақлаш тизимини ўрганиш ҳамда уни пойтахтда татбиқ этиш тўғрисида таклиф киритишни буюрди.

2019 йил июнь ойида Fitch Ratings халқаро рейтинг агентлиги Тошкентни хорижий ва маҳаллий валюта бўйича узоқ муддатли рейтингга баҳолади ва барқарор прогноз қилган ҳолда «BB-» даражасини берди. 2020 йил июнь ойида агентлик ушбу рейтингни тасдиқлади. Шаҳар шунингдек, «аа» қарз юки бўйича барқарорлик рейтингини олди. Эмитентнинг дефолт рейтинги бўйича шаҳар ҳисоботларининг заиф амалиёти ва шаффофлик даражаси туфайли, халқаро стандартлардан ортда қолган ҳолда, мустақил кредит рейтингидан бир поғона паст бўлган «bb» баҳога эга бўлди.

Fitch Тошкент шаҳрини ҳар йили нақд пул оқими орқали қарзни тўлаш бўйича харажатларни қоплаётганлиги сабабли, B типидаги субмиллий ташкилот сифатида таснифлади. Ўзбекистондаги субмиллий субъектларга бюджетлараро кредитлардан ташқари бошқа турдаги қарздорлик, шунингдек, кафолатлар берилиши тақиқланади. Тошкентнинг тўғридан-тўғри қарзи йўқ бўлсада, шаҳар инвестицион лойиҳаларни молиялаштириш учун давлатга қарашли компаниялари орқали қарз жалб қилади ва ушбу компанияларга қарзларни тўлашда ёрдам беради. Қарзнинг катта қисми чет эл валюталарида кўрсатилган, бу эса миллий валютанинг ўзгарувчанлиги сабабли шаҳарни сезиларли даражадаги валюта хавфига дучор қилади, дейилади хабарда.