Ўзбекистонга Америка Қўшма Штатларидан 16 нафар инглиз тили ўқитувчилари ҳамда АҚШнинг етакчи университетларининг профессорлари келиши кутилмоқда. Бу ҳақда Халқ таълими вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Халқ таълими вазирлигида Шерзод Шерматов ҳамда Америка Қўшма Штатларининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Дэниел Розенблюм ўртасида учрашув бўлиб ўтди.

Учрашувда «Онлайн мактаб» лойиҳаси доирасида Американинг маданият бўйича Атташеси мактаб ўқувчилари учун инглиз тили дарсларини ўқитишни бошлагани, бу каби амалиётлар ўқувчилар чет эллик мутахассислардан инглиз тилини ўрганиш йўлида имконият эканлиги алоҳида қайд этилди.


Фото: ХТВ матбуот хизмати

«Америкалик мутахассис томонидан олиб бориладиган дарслар ўқувчиларга инглиз тилини ўрганишда оддий ва самарали тил ўрганиш усулларидан фойдаланишда ёрдам беради. Яқин ойларда Қўшма Штатлардан яна 16 нафар инглиз тили ўқитувчилари ҳамда АҚШнинг етакчи университетларининг профессорлари (PhD) келиши ва халқ таълими ходимларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш ҳудудий марказларини қўллаб-қувватлаши кутилмоқда», — дейилади баёнотда.

Халқ таълими вазирлиги Америка Кенгашлари билан биргаликда Қарши шаҳридаги «Баркамол Авлод» болалар марказида «Amerika ойнаси» («American window») кутубхонасини биргаликда очиш масаласи устида иш олиб бораётганлигини маълум қилди. «Amerika ойнаси» болалар, ёшлар, ўқитувчи ва бошқалар учун ахборот-ресурс маркази бўлиб, инглиз тилини ўрганиш бўйича юқори сифатли материаллар билан танишиш, STEM ва робототехника курслари, суҳбат клублари ва шу каби бошқа йўналишлар билан танишиш имконини беради. Қарши шаҳрида жойлашадиган ушбу марказ Марказий Осиёдаги энг йирик марказ бўлиши кутилмоқда.

Томонлар АҚШнинг етакчи университетларида мактаб ўқувчилари ва ёшларни ўқитиш бўйича мавжуд ҳамкорликни кенгайтириш бўйича фикр алмашди.