2021 йил 1 мартга қадар ишлаб чиқилиши режалаштирилаётган Янги Миллий ўқув дастурига кўра, ўқувчиларнинг қизиқишига қараб танлаб ўқиш имкони берилади. Назарий ва амалий дарсларни тенг тақсимлаган ҳолда ўқитиш жорий қилинади. Бу ҳақда Республика таълим маркази директори Шуҳрат Сатторов АОКА пресс-холида ўтган брифингда маълум қилди.

Аввалги ўқув дастурлари мазмуни 90 фоиз назариядан иборат бўлиб, ўқитиш методикаси ёдлатишга йўналтирилган эди. Янги Миллий ўқув дастури мазмуни 50 фоиз назария, 50 фоиз амалиётдан иборат бўлади ва ўқувчининг мустақил фаолиятини қўллаб-қувватланади.

Амалдаги ўқув дастурларида баҳолаш фақат эслаб қолган билимлар ҳажмини аниқлаган. Янги дастур асосида эса ўқувчиларда шаклланган кўникмалар баҳоланади.

Шунингдек, фанлар сони ва ўқув юкламалари оптималлаштирилиб, ўқувчилар қизиқишига кўра фанларни танлаб ўқиш имконини берувчи вариатив ўқув дастурлар асосида ҳаётга ва касбий фаолиятга тайёрлаш имкони яратилади.

Миллий ўқув дастури асосида фанлар чизиқли тартибда эмас, спиральсимон тарзда ўқитилади. Яъни мавзулар такрорий эмас, бир-бирини мантиқан давом эттирувчи ҳамда соддадан мураккабга томон йўналтирилган тарзда киритилади.

Эслатиб ўтамиз, бундан аввал 2021 йил 1 мартга қадар Миллий ўқув дастури ишлаб чиқиш режалаштирилаётганлиги ҳақида хабар берган эдик. Бу таклиф Халқ таълими вазирлиги томонидан ишлаб чиқилиб, жамоатчилик муҳокамаси учун эълон қилинган «Мамлакатимиз таълим-тарбия тизимини янада такомиллаштириш, илм-фан соҳаси ривожини жадаллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги президент фармони лойиҳасидан жой олган.