Қашқадарё вилояти сафари чоғида президент Шавкат Мирзиёев Қаршидаги Ёшлар марказида бўлиб, ёшлар билан учрашув ўтказди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар берди.

Учрашувда ёшлар муаммоларини ҳал қилиш, бандлигини таъминлаш, бўш вақтини мазмунли ташкил этиш бўйича очиқ мулоқот бўлди.

— Мен сизларнинг кўзларингизга қараб, очиқ мулоқот қилгани келдим. Ҳамма ёшлар билан кўришишни хоҳлардим, лекин, афсуски, бунинг иложи йўқ. Сиз уларнинг вакиллари ўрнида жойлардаги муаммоларни, ёшлар истакларини айтишингизни истардим. Шунинг учун қўрқмасдан, ўз ота-оналарингга нима дейишни хоҳласаларинг, ҳамма фикрларингни бемалол айтинглар, — деди давлат раҳбари.

Фото: президент матбуот хизмати.

Йигит-қизларнинг тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, «Ёшлар — келажагимиз» давлат дастури доирасида йиллик режага қўшимча маблағ ажратиш зарурлиги таъкидланди.

Қашқадарё вилоятида 26 мингдан зиёд ёшлар ишсиз, тадбиркорлик ривожи мамлакатдаги ўртача кўрсаткичдан анча пастда экани қайд этилди.

Давлат раҳбари мубораклик ёшларнинг таклифини қаноатлантириб, туманда IT-парк ташкил этиш, электрон тижорат ва дастурлаш кўникмаларини бепул ўргатиш юзасидан мутасаддиларга топшириқ берди.

Китоб туманидаги 150 ўринли Болалар мусиқа ва санъат мактабида 310 нафар ўқувчи таҳсил олмоқда. Мазкур муассаса ўқувчилари учун етарли шароит яратиш вазифаси қўйилди.

Яқинда Сербияда ўтган самбо бўйича жаҳон чемпионатида олтин медални қўлга киритган Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия институти талабаси Мушарраф Ибодуллаева давлат гранти асосида ўқишга ўтказиладиган бўлди.

Учрашувда турли соҳаларда ўқиётган ва ишлаётган ёшларнинг фикрлари эшитилди. Таклифлари маъқулланиб, мутасаддиларга тегишли топшириқлар берилди.