Хитой энг йирик эркин савдо тўғрисидаги шартномани тузади

Хитой ва бошқа 14 та Осиё давлатлари дунёдаги энг йирик эркин савдо тўғрисидаги шартномани тузишади. Томонлар ушбу ҳужжатни 12−15 ноябрь кунлари бўлиб ўтадиган AСЕAН саммитида имзолайдилар. Шартномада Япониядан бошлаб Aвстралия ва Янги Зеландиягача жами 2,2 миллиард аҳолиси бўлган давлатлар иштирок этади. Ушбу битим савдо божларини пасайтириш, товарларнинг келиб чиққан мамлакатини аниқлашнинг ягона қоидаларини кўриб чиқиш, етказиб бериш занжирларини мустаҳкамлаш ва электрон тижорат учун янги қоидаларни тизимлаштиришга қаратилган. — Bloomberg

Қорабоғнинг Озарбайжонга ўтадиган қисмида яшовчилар ўз уйларига ўт қўйишмоқда

Фото: twitter.com/LeylaMammadovai

Aрманистон, Озарбайжон ва Россиянинг уч томонлама декларациясига мувофиқ, Озарбайжон томонига ўтказилиши керак бўлган тан олинмаган Тоғли Қорабоғ Республикасининг бир қатор ҳудудлари аҳолиси ўз уйларига ўт қўйишмоқда. Бу ҳолат тўғрисидаги видео ва фотосуратлар ижтимоий тармоқларда пайдо бўлмоқда, унда Лачин, Кельбаджар, Aгдам туманлари аҳолиси ҳудудни тарк этишдан олдин уйларини, дўконларини ва бошқа биноларни ёқиб юборишмоқда. — Интерфакс

Перуда янги президентнинг инаугурациясига қарши оммавий намойишлар бўлиб ўтмоқда

Фото: EFE

Перунинг Лима ва бошқа шаҳарларида минглаб намойишлар бўлиб ўтмоқда. Намойишчилар ҳукуматдан четлатилган Мартин Визкарра ўрнига президет бўлган Мануэль Мерино де Ламага қарши норозиликлар билдиришмоқда. Лиманинг Сан-Мартин марказий майдонидаги намойишда 15 мингдан ортиқ одам иштирок этди. Уларда «Мерино менинг президентим эмас», «Перу, мен сени яхши кўраман, шунинг учун сени ҳимоя қиламан» ёзуви туширилган миллий байроқлар ва плакатлар кўтарилди. Намойишчиларнинг гапларига кўра, давлат раҳбари лавозимини эгаллаган Мерино де Лама халқ томонидан сайланмаган, шунинг учун у халқ вакили бўла олмайди. — Telesur телеканали

Мьянманинг ҳукмрон партияси парламент сайловларида ғалаба қозонди

Мьянмадаги парламент сайловларида давлат маслаҳатчиси ва мамлакат ташқи ишлар вазири Aун Сан Су Чжи раҳбарлигидаги «Демократия учун миллий лига» (ДМЛ) партияси ғолиб бўлди. 13 ноябрь куни эълон қилинган сайлов комиссиясининг натижалари шундан далолат беради. МСК сўзларига кўра, партия мамлакат парламентида зарур бўлган 322 дан ортиқ ўринга эга бўлди. Шу тариқа партия президентни сайлаши ва Мьянманинг навбатдаги ҳукуматини тузиш ҳуқуқига эга бўлди. Сайлов комиссиясининг дастлабки маълумотларига кўра, ДМЛ партияси парламентда 368 ўринни эгаллади, қолган 42 та ўриннинг тақсимоти давом этмоқда. — ТАСС

Карантиндан воз кечган Швеция иқтисодий муаммога дуч келди

Коронавируснинг биринчи тўлқини пайтида карантиндан воз кечган Швеция иқтисодий муаммога дуч келди. Мамлакат иқтисодиёти кутилганидан анча паст суръатларда тикланмоқда. Марказий банк (МБ) раҳбарининг сўзларига кўра, коронавирус мамлакат иқтисодиётига расмий ҳисоботларда акс этганидан кўра кўпроқ зарар етказгани маълум бўлди. «Қайта тикланиш учун қанча вақт кераклигини айтиш жуда қийин», — дейди МБ раҳбари. Швециядаги энг йирик банклардан бири бўлган «Skandinaviska Enskilda Banken» нинг бош иқтисодчиси Роберт Бергквист Марказий банк қўшимча рағбатлантиришга боришини тахмин қилди. Хусусан, унинг фикрига кўра, Марказий банк миқдорий юмшатиш дастурини 20 фоизга, яъни 70 миллиард долларга қадар кенгайтиришга мурожаат қилиши мумкин. — Bloomberg

Суд Трампнинг сайловлар бўйича даъвосини қабул қилди

АҚШнинг Пенсильвания штатида ўн минглаб сайлов бюллетенлари бекор қилинди. Бунга бюллетенларда шахси келтирилган сайловчилар ўзларини тасдиқламагани сабаб бўлмоқда. Бироқ АҚШ оммавий ахборот воситалари бу ҳолат штатдаги сайловлар натижаларига жиддий таъсир кўрсатмаслигига ишонч билдиришмоқда. The Philadelphia Inquirer газетасининг хабар беришича, Пенсильвания апелляция суди почта орқали юборилган овозларни ҳисоблашда амалдаги президент Дональд Трампнинг даъвосини қабул қилди. — Газета.uz