Ҳукуматнинг янги қарорига мувофиқ, мобил телефонга тасвирга олинган йўл ҳаракати қоидаларининг бузилиши акс эттирилган видео ва фотосуратлар бўйича ҳам жарима қўлланилади. Бу ҳақда UzA хабар бермоқда.

Ҳукуматнинг тегишли қарори билан йўл ҳаракати хавфсизлиги соҳасидаги ҳуқуқбузарликларга қарши курашишга оид амалдаги тартибга ўзгариш киритилди.

2021 йил 1 январдан бошлаб видеорегистраторлар билан бирга видеокузатув ва тасвирга олиш техника воситалари ҳамда мобиль қурилмалар орқали қайд этилган ҳуқуқбузарлик ҳолатлари акс этган видеоёзувлар махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш техника воситалари орқали қайд этилган видеоёзувларга тенглаштирилади ҳамда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексда белгиланган тартибда кўриб чиқилади.

Бундан аввал, фақат видеорегистраторда тасвирга туширилиб, юборилган тасвирларгина кўриб чиқилар, лекин бошқа видеотехникалар, хусусан мобил телефонларда олинган видеолар жарима қўллаш учун асос бўла олмас эди.

Фуқаролар ҳуқуқбузарлик тасвирга туширилган видеоларни ejarima.uz сайти орқали ваколатли органга юборишлари мумкин.