Қорақалпоғистоннинг Мўйноқ, Тахтакўпир ва Қораўзак туманларидан ҳужжат топшириб, имтиҳонда омади чопмаган абитуриентлар ўқишга қўшимча сифатида қабул қилинади, деб хабар бермоқда ЎзА.


Қўшимча сифатида қабул қилинадиган абитуриентлар энг камида 56,7 балл тўплаган бўлиши керак (максимал 189 баллнинг 30 фоизи) ва тиббиёт йўналишларидан бошқа соҳани танлаши даркор. Ўқишга тўлов-шартнома асосида қабул қилинади ва ўқишни тугатгандан кейин шу ҳудудларда камида 5 йил ишлаб бериши керак.


13 ноябрдан бошлаб ушбу 3 та туманда 4 та сектор раҳбарлари ҳамда олий ўқув юртлари вакиллари иштирокида юқоридаги талаблар асосида ўқишга ҳохиш билдирган абитуриентлар ва уларнинг ота-оналари билан учрашув ташкил қилиниши режалаштирилган.

Эслатиб ўтамиз, 2020/2021 ўқув йилида деярли 1,5 миллион абитуриент давлат университетларига ҳужжат топширди. Уларнинг 1,24 миллион нафари тест синовларида қатнашиб, 140,8 минг нафари талаба бўлишди.