Тошкент шаҳар ҳокимлиги ҳузуридаги рақамли ситуацион марказ қурилишига тахминан 100,2 млрд сўм (Марказий банкнинг 12 ноябрдаги курси бўйича 9,6 млн доллардан ортиқ) ажратилмоқда. Бу ҳақдаги маълумотларни давлат харидлари порталида кўриш мумкин.

Марказнинг шаҳар маъмурияти ҳудудида қурилиши президентнинг 17 мартдаги фармонида (ПҚ-4642) кўзда тутилган.

Тошкент шаҳар ҳокимиятининг «Ягона буюртмачи хизмати» инжиниринг компанияси давлат бюджети маблағлари ҳисобидан молиялаштириладиган ушбу лойиҳанинг буюртмачиси ҳисобланади. Объект қурилишига йил охирига қадар 32,6 млрд сўм, 2021 йилда 67,6 млрд сўмлик маблағ ажратиш режалаштирилган. 23 октябрь ҳолатига кўра 9,7 млрд сўм миқдоридаги аванс тўлови молиялаштирилган, шунингдек материалларни сотиб олиш учун яна 10 млрд сўм миқдорида аванс ўтказиш режалаштирилган.

Лойиҳа пудратчиси Power Construction Planet МЧЖ бўлиб, компания билан шартнома 7 октябрда имзоланган. Вазирлар Маҳкамасининг 9 сентябрдаги 401-ф-сонли буйруғи билан лойиҳани танловсиз амалга оширишга рухсат берилди. Маълумот ўрнида, ҳукумат буйруқларини 28 майдан бошлаб Қонунчилик маълумотлари миллий базасида нашр этиш тўхтатилди.

Корхоналар ва ташкилотларнинг ягона давлат реестри маълумотларига кўра, Power Construction Planet МЧЖ 2008 йил 12 сентябрда рўйхатдан ўтган. Компаниянинг 66,9 фоиз улушига Исмоил Исроилов, 33,1 фоизига Абдурасул Зоҳидов эгалик қилади.

Фото: КТЯДР

Исмоил Исроилов илгари Akfa Engineering and Management компаниясининг директори ва директор ўринбосари бўлиб ишлаган ва бир қатор компанияларнинг улушларига эга бўлган. Абдурасул Зоҳидов январь ойи бошида Discover Invest МЧЖ (Tashkent City ва Ашхобод паркларини, Hilton меҳмонхонаси, конгресс-марказ, Imzo ва Artel, Akfa Medline ва бошқа корхоналари биноларини қурган) директори сифатида «Дўстлик» ордени билан тақдирланган.

Лойиҳани ишлаб чиқувчи вазифаси Prime Tower Group МЧЖ га топширилган. Унинг асосчилари эса Жасур Баҳодирович Бадалов (35%), Сардор Хабаржонович Уматов (30%) ва Артур Дамирович Нуриев (35%) ҳисобланишади.

Шу билан бирга, Power Construction Planet Тошкент вилоятининг Зангиота туманида 2160 ўринли ихтисослаштирилган карантин зонасини қуриш билан ҳам шуғулланган. Объектнинг қиймати 39,2 млрд сўмга баҳоланган. Шунингдек, лойиҳани Вазирлар Маҳкамасининг 23 июлдаги 337-ф-сонли буйруғи асосида танловсиз амалга оширишга рухсат берилган.

Аввалроқ «Газета.uz» Тошкент шаҳар маъмурияти ҳузуридаги Рақамли ривожланиш бошқармаси Россиянинг «Центр пространственных исследований» компаниясидан «Геоинтеллект» платформасини сотиб олишни режалаштираётгани ҳақида хабар берган эди. Дастур шаҳарнинг географик ахборот ва таҳлил тизимини яратиш учун зарур ҳисобланади.