Барча олий таълим муассасаларида 16 ноябрдан ўқув жараёни анъанавий шаклда давом эттирилади. Бу ҳақда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги матбуот хизмати хабар қилди.

Республика комиссияси 12 ноябрда ўтказилган йиғилишда шу ҳақдаги қарорни қабул қилди. Қарорда олий таълим муассасаларига чора-тадбир ва режа-график ишлаб чиқиш топширилди.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон олий таълим муассасалари анъанавий ўқишни тиклашга тайёргарлик кўрилаётгани ҳақида октябрь ойи ўрталарида хабар қилинган эди. Ўшанда анъанавий ўқишга қайтиш бўйича талабалар ва уларнинг ота-оналари ўртасида сўровнома ўтказилаётгани, сўровнома 20 октябргача давом этиши маълум қилинди.

Аввалроқ, октябрь ойидан коронавирус пандемияси даврида тиббиёт ходимларига талаб юқорилигини инобатга олиб, Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимидаги тиббиёт олий ўқув юртларида ўқиш жараёнларини қисман анъанавий шаклга ўтказишга рухсат берилди.