Сурхондарё вилояти ҳокимлиги ва давлат бошқаруви органлари хизмат автомобилларини сотиб олиш учун қарийб 3 миллиард сўмга тўғридан-тўғри давлат харидларини амалга оширди. Бунга Davletov.uz каналида эътибор қаратилди.

Жумладан, Сурхондарё вилояти ҳокимлиги 1 млрд 194 млн сўмга 3 та Traiblazer (1; 2; 3.), 115,6 млн сўмга битта ласетти харид қилган. Сурхондарё вилояти ички ишлар бошқармаси 398 млн сўмга Traiblazer, 380 млн сўмгаПикап Isuzu D-MAX (IRBIS-AT) харид қилган. Сурхондарё вилояти давлат солиқ бошқармаси 349 млн сўмга Equinox харид қилган. Сурхондарё вилояти фавқулодда вазиятлар бошқармаси 398 млн сўмга Traiblazer харид қилган.

Молия вазирлиги муносабати ва ҳужжатларнинг сохталаштирилиши

Вазирлар Маҳкамасининг 1999 йил 2 апрелдаги 154-сонли қарорига асосан, белгиланган лимит доирасида хизматда фойдаланиш учун транспорт воситаларини сотиб олиш Ўзбекистон бюджетидан маблағ олувчи ташкилотлар томонидан — фақат Молия вазирлиги билан келишган ҳолда амалга оширилиши белгиланган.

Молия вазирлигининг маълумотларига кўра, Сурхондарё вилоят Давлат солиқ бошқармаси томонидан бошқарма балансидаги мавжуд 2013 йилда ишлаб чиқарилган Nexia-2 русумли автотранспорт воситаси бугунги кунда эскириб яроқсиз ҳолга келиб қолганлиги сабабли унинг ўрнига белгиланган лимит доирасида бир дона хизмат автомашинаси харид қилишга рухсат сўраб 2 октябрдаги 23−31631-сонли хат билан вазирликка мурожаат қилинган.

Мазкур мурожаатга жавобан 9 октябрдаги ЕС 8724-сонли жавоб хати билан юқоридаги автотранспорт воситасини ўрнатилган тартибда сотиш ҳамда унинг ўрнига белгиланган лимит доирасида Солиқ органларини ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан бир дона Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган Nexia-3 русумли хизмат автомашинаси харид қилишга эътирози йўқлиги маълум қилинган.

Хатнинг асл нусхасини QR-кодни ўқитиш орқали кўриш мумкин. Расмни каттартириш учун устига босинг.

«Молия вазирлиги томонидан ўтказилган хизмат суриштирувига асосан, ижтимоий тармоқларда жойлаштирилган хат, хусусан, Сурхондарё вилоят Ғазначилигига тақдим этилган Молия вазирлигининг юқорида қайд этилган 2020 йил 9-октябрдаги ЕС 8724-сонли хати ўзгартирилганлиги, яъни „„Нексия-3“ русумли“ сўзлари чиқариб қалбакилаштирилганлиги аниқланди», — дейилади хабарда.

Молия вазирлиги юқоридагиларни инобатга олиб, ушбу ҳолат юзасидан Ўзбекистон Бош прокуратурасига ваколати доирасида Молия вазирлигининг жавоб хатига ўзгартириш киритган мансабдор шахсларга нисбатан қонунчиликда белгиланган тартибда чоралар кўрилиши юзасидан мурожаат йўллади.

ДСҚ ҳам мазкур давлат харидига муносабат билдириб, ҳужжат қалбакилаштирилганини кўрсатиб ўтди.