«Kun.uz» нашрининг хабар беришича, бош вазир ўринбосари Азиз Абдуҳакимов шаҳарлардаги пиёдалар учун мўлжалланган йўлакларнинг қониқарсиз аҳволда эканлиги ва бу аҳолига катта ноқулайликларни келтираётганлиги ҳақида гапириб ўтди.

11 ноябрь куни Тошкентда вилоят ҳокимларининг туризм ва спортни ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосарлари учун ташкил этилган ўқув-семинарининг очилиши бўлиб ўтди. Унда иштирок этган бош вазир ўринбосари, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси Азиз Абдуҳакимов кўчалардаги пиёда ва велойўлаклар қониқарсиз аҳволда эканлигига алоҳида эътибор бериш зарурлигини таъкидлади.

«Ёшларимиз, бошқа катта ёшли аҳолимиз ҳам жисмоний машғулот билан шуғуллангиси келади. Лекин жой йўқ. Мен ўзимнинг мисолимда айтадиган бўлсам, бир нечта вилоят раҳбарлари билан кўчаларда юриб кўрдик. Узоқ бир қишлоқни айтмаяпман, йирик шаҳарларимиздаги ҳолат ҳам юриб бўлмайдиган даражада. На югурса бўлади, на велосипедда юрса. Белгиланган йўл белгилари йўқ. Велосипедда юраман десангиз, ҳар ўн метрда ё ариқ учрайди, ё йўл бузилган бўлади, ё зина чиқиб қолади ва ҳоказо. Самарқандни мисол қилсак, вилоят ҳокими шаҳар ва туман раҳбарлари бир ҳафта кўчаларни пиёда айлансин, деб қарор чиқарди. Нимага вилоят ҳокими шунақа қарор қилди? Негаки, каттакон раҳбарлар машинада юраверса, оддий одамларимиз, фуқаролар пиёда юраётган йўлаклар ёки велойўлаклар қанақа ҳолатда эканини билмайди-да. Улар кўчалардан машинани ванғиллатиб ҳамма ёқни чанг бостириб ўтиб кетади. Нима дегани бу? Умуман, билмадим бу қанақа ҳолат бўлади», — деди бош вазир ўринбосари.

Эслатиб ўтамиз, 2021 йил 1 майга қадар ҳар бир туман маркази ва шаҳарларда пиёда ва велосипедда юриш учун «Саломатлик йўлаклари»ни ташкил этилади. Бунда, қуйидагилар назарда тутилмоқда:

  • пиёдалар ва велосипед йўлакларининг умумий узунлиги 3−5 кмни ташкил этиши ҳамда ўзаро узвий боғлиқ бўлиши;
  • замонавий, энерготежамкор (ҳаракат сенсорлари билан жиҳозланган) ёритиш тизимлари ва ёруғлик қайтарувчи, йўлакларнинг бошланиши, оралиғи ва якунини кўрсатувчи йўл белгилари билан тўлиқ таъминланиши;
  • пиёдалар ва велосипед йўлакларини барпо этишда алоҳида ҳаракатланиш имкониятларини яратиш ҳамда ногиронлиги бўлган шахслар учун «тўсиқсиз муҳит» ташкил этиш.