Вазирлар Маҳкамасининг Ўзбекистон Республикаси Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси тизимида Ўрмон хўжалиги техникуми фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисидаги қарори қабул қилинди.

Қарорга мувофиқ, 2021−2022 ўқув йилидан Тошкент тумани ўрмон хўжалиги коллежи негизида Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси тизимидаги Ўрмон хўжалиги техникуми ташкил этилади. Техникум республикадаги ўрмончилик соҳасидаги таълим йўналиши бўйича таянч ўрта махсус профессионал таълим муассасаси бўлади.

Техникумда кундузги, кечки ва сиртқи таълим босқичларида олий таълимнинг бакалавриат таълим йўналишлари билан интеграциялашган дастурлар асосида кадрлар тайёрланади.

Техникумда таълим стандартлари, малака талаблари, ўқув режаси ва дастурларини жорий этишни мувофиқлаштириш Тошкент давлат аграр университети, унга методик раҳбарлик қилиш эса — Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан амалга оширилади.

Ўрмон хўжалиги техникуминининг фаолият юритиши ва моддий-техник базасини мустаҳкамлаш ва кадрлар тайёрлаш ҳаражатлари давлат бюджети, Ўрмон хўжалиги ривожлантириш жамғармаси, тўлов-контракт асосида тушган тушимлар, хайрия пуллари ва молия институтлари грантлари томонидан амалга оширилади.