Женевада Халқаро Миграция Ташкилоти (ХМТ)нинг Тошкентдаги тўлақонли ваколатхонасини очишни кўзда тутувчи Ўзбекистон ва ХМТ ўртасида ҳамкорлик тўғрисидаги битимни имзолаш маросими бўлиб ўтди, деб хабар берди Дунё ахборот агентлиги.

Ўзбекистоннинг 2019 йилда ташкилотнинг тўлақонли аъзосига айланиши республика билан ташкилот ўртасидаги ҳамкорликни фаоллаштиришга ҳисса қўшди. Ушбу ҳамкорлик барқарор равишда ўсиб бормоқда. Жумладан, аввалроқ Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенатининг раиси Танзила Нарбаева Женевага ташрифи чоғида ХМТ бош котиби Антонио Виторино билан учрашган эди.

Маросим якунида Антонио Виторино Ўзбекистонни ХМТнинг 173-аъзоси сифатида самимий қутлади ва Ўзбекистон томони билан жадал ривожланиб бораётган ҳамкорлик сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилаётганини айтди.

«2015 йилда Тошкентда ХМТнинг офиси очилганидан буён биз Ўзбекистон раҳбариятининг миграцияни самарали ва замонавий бошқариш тизимини шакллантиришга бўлган қизиқиши ва қатъий амалий қадамлари тобора ортиб бораётганига гувоҳ бўлмоқдамиз, — деди у. — Республика сиёсий ва ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларга очиқлигини, қўшни давлатлар билан муносабатларида прагматизмни намойиш этди ва ажойиб натижаларга эришди. Биз президент Шавкат Мирзиёевнинг шахсан мамлакат миқёсида миграция масалаларига устувор аҳамият бергани ва халқаро миграция муаммолари бўйича ҳамкорликка бағишланган минтақавий ва глобал ташаббусларда фаол иштирок этиши ва қўллаб-қувватлашини тан оламиз ва қадрлаймиз».

Қайд этиш жоизки, Ўзбекистон биринчилардан бўлиб Миграция бўйича Глобал шартномани қўллаб-қувватлади ва уни тўлиқ амалга оширишда қатъятини намойиш этди. Мамлакат минтақада биринчи бўлиб Глобал шарномани амалга оширишда миллий даражада эришилган ютуқлар тўғрисида ҳисобот берди.

Ўзбекистоннинг хориждаги ўз фуқароларини қўллаб-қувватлаш, шунингдек, хорижий давлатлардаги COVID-19 инқирозидан азият чекаётган ва республикага қайтиб келганларга ёрдам кўрсатишга қаратилган саъй-ҳаракатлари ҳам алоҳида таъкидлаб ўтилди.