Ўзбекистонда жорий йилнинг январь-сентябрь ойларида 13,8 млн долларлик 119 425 та телевизор, 5,2 миллион долларлик 32 452 та музлаткич экспорт божхона режимига расмийлаштирилди. Бу ҳақда Божхона қўмитаси маълумот берди.

Телевизорлар экспорти

Телевизорлар экспортидан келган валюта тушумлари ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 35 фоизга ошди.

Маълумотларига кўра, телевизорларнинг 32 фоизи Озарбайжонга, 24 фоизи Қозоғистонга, 21 фоизи Россияга ва 8 фоизи Украинага экспорт қилинган. Шунингдек, жорий йилда телевизорларнинг экспорти Қирғизистонга 2,2 баробарга ва Тожикистонга 2,2 баробарга ошган.

Музлаткичлар экспорти

Музлаткичлар экспортидан келган валюта тушумлари ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 58 фоизга ошди.

Божхона қўмитаси маълумотларига кўра, музлаткичларнинг 44,6 фоизи Тожикистонга, 17 фоизи Қирғизистонга, 15 фоизи Озарбайжонга ва 11 фоизи Қозоғистонга экспорт қилинган. Шунингдек, ушбу давр мобайнида музлаткичларнинг экспорти Афғонистонга 28 баробарга, Туркманистонга 30 баробарга ва Россияга 57,2 баробарга ошди.

Таъкидлаш жоизки, жорий йилдан бошлаб Грузия ва Туркияга телевизор ва музлаткичлар экспорти йўлга қўйилди.

Эслатиб ўтамиз, январь-август ойлари якуни бўйича мамлакатнинг ташқи савдо айланмаси 2,45 млрд доллардан кўпроқни ташкил этди. Энг кўп савдо айланмаси улуши Хитой, Россия ва Қозоғистонга тўғри келган эди. Бу давр мобайнида экспортнинг 50 фоизини олтин, импортнинг 37,8 фоизини машиналар ва транспорт асбоб-ускуналари ташкил этди.