«Ҳаж» ва «Умра» зиёратини Ўзбекистон Мусулмонлари идораси томонидан ташкил этиш таклиф этилмоқда. Бу ҳақда Xushnudbek.uz Telegram канали маълум қилди.

Маълум қилинишича, ҳукуматнинг «Ҳаж» ва «Умра» тадбирларини ташкил этиш ва ўтказишни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисидаги қарорига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида ҳужжат лойиҳаси ишлаб чиқилди.

Ҳужжат лойиҳасида 2021 йил 1 январдан бошлаб Ўзбекистонда республика фуқароларининг «Ҳаж» ва «Умра» тадбирларини ташкил этиш ва ўтказиш фақат Ўзбекистон Мусулмонлари идораси томонидан белгиланган тартибда амалга оширилишига оид қоида белгиланган.

«Ўзбекистон Республикасида бошқа ташкилотларнинг „Ҳаж“ ва „Умра“ тадбирларини ташкил этиш ва ўтказиш билан боғлиқ фаолият билан шуғулланишига йўл қўйилмайди», — дейилади лойиҳада.

Xushnudbek.uz каналининг маълум қилишича, ҳозирги мавжуд қонунчиликда хусусий тур операторларига «Ҳаж» ва «Умра» тадбирларини ташкил этишга бирор ёзма тақиқ йўқ.

2018 йилнинг октябрь ойида Умра сафарига борувчи зиёратчиларнинг сонини белгилаш бўйича (квота) чекловлар олиб ташланган эди.

2020 йилнинг февраль ойида Дин ишлари бўйича қўмита раисининг биринчи ўринбосари Музаффар Комилов қўмита томонидан Саудия Арабистонининг Тошкентдаги элчихонасидан Ўзбекистон фуқароларига Умра визасини мустақил тақдим этмаслик ёхуд хусусий ширкатлар орқали мурожаат қилган шахсларнинг сўровини қаноатлантирмасликни сўралмаганлигини таъкидлаган эди.

Аммо Ўзбекистон Мусулмонлари идораси халқаро алоқалар бўлими мудири Муҳаммад Акмалхон Шокиров Саудия томонига муайян мазмундаги илтимоснома киритилганини тасдиқлаган.

«Тасаввур қилинг, ота-онангиз Умрага бориш учун навбатда уч йилдан бери турибди. Бошқа тарафдан бир одам келиб, Умрага бориш истагида элчихонага мурожаат қилмоқда. Адолат мезони бузилмоқда. Ҳалиги одамни тўхтатиб, нега навбатсиз кетяпсан, деган бўлардингиз. Ана шу адолат мезони бузилмаслиги мақсадида Саудия Арабистонинг Ўзбекистондаги элчихонасидан илтимос қилинганки, Ўзбекистон Мусулмонлари идораси тақдим этган рўйхатдан ташқари бошқа фуқароларга, иложи бўлса, Умра визаси берилмасин», — деган эди у.

Маълумот учун, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита ва Ўзбекистон Мусулмонлари идораси Умра ишларини ташкил этишда Саудия Арабистонининг Al Hidoya Hajj, Umrah & Tourism компанияси билан ҳамкорлик қилиб келади. Ушбу ҳамкорлик 2008 йили бошланган, ўтган вақт ичида Умра ишини ташкил этишда бошқа хорижий ширкат ёхуд маҳаллий турфирмалар мунтазам иштирок этмаган.