Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар раҳбарлари кенгашининг видеоанжуман шаклидаги мажлисида нутқ сўзлади.

Давлат раҳбари ўз нутқида минтақавий ва халқаро масалаларга тўхталиб ўтди. «Ўзбекистон яқин қўшни ва стратегик шерик сифатида Қирғизистонни тинчлик йўли билан ривожланишга бўлган ҳаракатларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлайди», — деди Шавкат Мирзиёев.

Давлат раҳбари, шунингдек, Тоғли Қорабоғда ҳарбий ҳаракатлар тўхтатилгани ва келишувга эришилганини қайд этди. Ушбу ҳудудда тез орада тинчлик ва осуда ҳаёт тарзининг тикланишига умид билдирди.

Шавкат Мирзиёев бугунги пандемия шароитида мамлакатлар ўртасидаги алоқаларни, «Шанхай руҳини» мустаҳкамлаш ҳар қачонгидан ҳам муҳимроқ эканлигини таъкидлади. «ШҲТ фақат ҳар биримиз кучли бўлсаккина кучли бўлади», — деди президент.

Президент нутқида биринчи навбатда иқтисодий алоқаларнинг муҳимлигини тилга олди. «Бизнинг асосий мақсадимиз савдо ва иқтисодий алоқаларни, ишлаб чиқариш кооперацияларини жонлантириш. Аминманки, ушбу мақсадга эришишнинг энг самарали усули инқирозга қарши дастурларни бирга амалга ошириш, ўзаро савдо-сотиқдаги тўсиқларни йўқ қилиш ва божхона талабларини соддалаштиришдир», — деди Шавкат Мирзиёев.

«Пандемия рақамлаштириш жараёнларини тезлаштириб юборди. Ахборот технологиялари иқтисодий ўсишнинг асосий драйверига айланмоқда», — деди Шавкат Мирзиёев. У ШҲТ мамлакатлари доирасида аҳолининг рақамли саводхонлик даражасини оширувчи ўқув дастурларини ишлаб чиқишни таклиф қилди. Шунингдек, президент ҳозир рақамли иқтисодиёт бўйича ҳамкорлик олиб боришнинг айни вақти эканлигини таъкидлади.

«Ҳозирги шароитда асосий эътиборни аҳолининг муҳтож қатламига ёрдам бериш ва қамбағаллик даражасини камайтиришга қаратиш муҳим», — дея таъкидлади Шавкат Мирзиёев. Давлат раҳбари ушбу йўналишда ҳам ШҲТга аъзо мамлакатларни ҳамкорликка чақирди ва ушбу масалани амалга ошириш, дастур ишлаб чиқиш бўйича Ўзбекистонда ҳалқаро форум ўтказишни таклифи билан чиқди. «Аминманки, ушбу масалани амалга оширишда Хитой Ҳалқ Республикасининг муваффақиятли тажрибаси фойда берган бўлар эди», — таъкидлади президент.

Президент коронавирус инфекциясига қарши курашишда кўрсатилган ёрдам учун Россия ва Хитойга миннатдорчилик билдирди.

Шавкат Мирзиёев ўз нутқи якунида 2021 йил апрель ойида Тошкентда Марказий ва Жанубий Осиё мамлакатларининг ўзаро алоқалари ва имкониятлари бўйича бўлиб ўтадиган ҳалқаро конференцияда Афғонистоннинг Марказий Осиё ва Жанубий Осиё ўртасидаги кўприк сифатидаги мавқеини қайтариш масаласини муҳокама қилишга чақирди.