Москва мэри Сергей Собянин коронавирус инфекцияси ҳолатлари кўпайгани сабабли шаҳарда янги чекловлар жорий этилишини эълон қилди, деб хабар бермоқда « Meduza».

Жумладан, университет ва коллеж талабалари масофадан ўқитишга ўтказилади ва мактаб ўқувчилари уй режимига риоя қилишлари тавсия этилади.

Бундан ташқари, Москва ҳукумати умумий овқатланиш корхоналари (ресторан, кафе, бар), шунингдек тунги клублар, караоке, боулинг, дискотекаларга соат 23:00 дан 6:00 гача ташриф буюриш тақиқланади. Уларга фақат ўзи билан олиб кетиш ва етказиб бериш хизматини давом эттиришга рухсат берилди.

Бундан ташқари, томошабинлар билан маданий, кўнгилочар ва маърифий тадбирлар тўхтатилади.

Болалар кундузги оромгоҳлари, кўнгилочар марказлари, савдо марказидаги болалар хоналари, умумий овқатланиш корхоналаридаги болалар бурчаклари ва шу каби жойларда бўлиш вақтинча тўхтатилади. Фақатгина болалар учун очиқ ҳавода машғулотлар ўтказиш мумкин.

«Янги чекловларни жорий этиш осон эмас, бироқ бу мажбурий чоралар. Умид қиламанки, улар ишлайди ва кўплаб москваликларнинг ҳаётлари ва соғлиғини сақлаб қолади», — деди Сергей Собянин.

Барча чекловлар икки ой давомида — 2020 йил 13 ноябрдан 2021 йил 15 январгача амал қилади.