2021 йил 1 апрельдан бошлаб фақатгина микронутриентлар билан бойитилган ун сотувига рухсат берилади, дея хабар қилмоқда Spot.uz.

Бундан ташқари, хориждан келтириладиган микронутриентлар учун ноль божхона ставкаси белгиланди.

2019 йилда буғдой унининг микронутриентлари билан бойитиш даражаси барча навларнинг ишлаб чиқарилган ва импорт қилинадиган ун умумий ҳажмининг 30 фоизини ташкил этди.

Ушбу унни Ўзбекистон аҳолисининг 56 фоизга яқини истеъмол қилади. Темир танқислиги касаллиги (анемия)нинг олдини олиш учун аҳолининг 90 фоизини қамраб олиш зарурлиги таъкидланмоқда. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташқилоти маълумотларига кўра, бу ун 70 фоиз ҳолатда анемия даражасини сезиларли миқдорда пасайтиради.

Шу билан бирга, 2020 йил 1 апрелдан бошлаб Ўзбекистон ҳудудига фақат микроэлементлар билан бойитилган биринчи навли буғдой уни олиб кирилиши мумкин. Қайд этиш жоизки, Ўзбекистонда 2011 йил 1 январдан биринчи навли буғдой уни фақат микроэлементлар билан бойитилган ҳолда ишлаб чиқарилиб, сотиб келинмоқда.