Вазирлар Маҳкамасининг 9 ноябрдаги «Божхона йиғимлари ставкаларини тасдиқлаш тўғрисида"ги қарори қабул қилинди. Бу ҳақда Давлат божхона қўмитаси хабар бермоқда.

Қарор билан қуйидаги ўзгартиришлар киритилмоқда:

  • божхона йиғимлари ставкалари тури 20 тадан 12 тага қисқартирилди [3 турдаги божхона ставкаси бириктирилиб, 11 турдагиси бекор қилинди];
  • барча божхона йиғими ставкалари базавий ҳисоблаш миқдорига боғланган ҳолда қатъий белгиланди;
  • экспортни қўллаб-қувватлаш мақсадида товарларни «экспорт» божхона режимида расмийлаштириш учун йиғим миқдори ўртача 35 фоизга пасайтирилди.

Эски тартибда 1 млн доллар миқдоридаги товарнинг экспорт божхона йиғими 10 млн сўмни (минг доллар), янги ставкаларда йиғим миқдори 5,6 млн сўмни (560 доллар) ташкил қилган ҳолда экспортёр тадбиркорларга бир йилда 27 миллиард сўм енгиллик яратилмоқда.

Шунингдек, божхона маъмуриятчилигини такомиллаштириш мақсадида жисмоний шахслар томонидан шахсий эҳтиёжлари учун товарларни божхона тўловларисиз олиб кириш меъёридан ортиқ қисмини божхона расмийлаштирувидан ўтказиш учун белгиланган божхона йиғимлари ставкалари камайтирилмоқда.

Эски норма бўйича жисмоний шахслар томонидан олиб кирилган товарларнинг меъёрдан ошган қисмига 0,2 фоиз [аммо 25 доллардан кам бўлмаган] миқдорида божхона йиғими ундирилган.

Масалан, жисмоний шахслар томонидан темир йўл орқали шахсий эҳтиёжи учун 1 200 АҚШ доллари миқдоридаги товар олиб кирилганда, унинг божхона тўловларига тортиладиган 200 доллар қисми учун аввал 25 доллар (12,5 фоиз) тўланган бўлса, янги тартиб бўйича 5,5 доллар (БҲМнинг 25 фоизи) миқдорида йиғим ундирилади.

Бундан ташқари, божхона назорати остида ташилаётган товарларни етказиб бериш муддатига риоя қилмаслик учун маъмурий жавобгарлик ўрнига молиявий чора сифатида базавий ҳисоблаш миқдорининг бир баравари миқдорида божхона йиғими жорий этилмоқда.

Мазкур қарор 2021 йил 1 январдан бошлаб кучга киради.

Маълумот ўрнида, ҳозирга қадар божхона йиғимлари ставкалари Вазирлар Маҳкамасининг 1999 йил 30 апрелдаги «Божхона йиғимлари ставкалари тўғрисида» қарори билан белгиланган бўлиб, у ўз ичига 19 та божхона йиғимлари турлари олган эди. Мазкур божхона йиғимлари ставкаларининг аксарияти фоизда белгиланган бўлиб, Жаҳон савдо ташкилотининг (ЖСТ) Савдо жараёнларини соддалаштириш тўғрисидаги битим талабларига мувофиқ бўлмаган.