Жонс Хопкинс университети (АҚШ) маълумотларига кўра, АҚШда COVID-19 билан касалланганлар сони 10,1 миллион кишидан ошди. Мамлакатда охирги кун давомида инфекция юқтирганлар 119,9 минг нафарга кўпайган.

АҚШда асосий инфекция тарқалиш ўчоқлари Техас, Калифорния ва Флорида штатлари бўлиб турибди. Мамлакат бўйича шу кунга қадар 238 мингдан ортиқ инсон COVID-19 асоратлари сабаб вафот этган.

АҚШда касалланганлар сонининг кундан кунга ортиб бораётгани сабабли, Жо Байден америкаликларни ўз ҳаётларини сақлаб қолиш мақсадида ниқоб тақиб юришга чорлади. «Мен 20 январга қадар президент бўлмайман, аммо менинг барчага бугунги мурожаатим: ниқоб тақинг», — деди у ўзининг шахсий Twitter’ида.

«COVID тарқалишини тўхтатиш учун қила олишимиз мумкин бўлган энг самарали нарса бу ниқоб тақишдир. Яқин келажаккача ниқоб вирусга қарши энг самарали қурол бўлиб қолаверади», — деди Жо Байден брифингда.

Шунингдек, Ҳиндистон (8,59 млн) ва Бразилия (5,67 млн) мамлакатларида ҳам беморлар сони борган сари ошмоқда.

Дунё бўйлаб сўнгги кун давомида COVID-19 билан касалланганлар сони 495 мингга кўпайган. Аввалроқ дунё бўйича инфекция юқтирганлар сони 50 млн дан ошгани ҳақида хабар берган эдик.