БАА ҳукумати спиртли ичимликларни истеъмол қилиш, ўз жонига қасд қилишга уриниш ва турмуш қурмаган жуфтликларнинг биргаликда яшаганлиги учун белгиланган жазоларни бекор қилди. Бу ҳақда The National хабар бермоқда.

«БAAда 200 дан ортиқ миллат вакиллари истиқомат қилади ва улар ўз еҳтиёжларини қондиришга ҳаракат қилишади. Ислоҳотлар ажрашиш, васият ва мол-мулкни бўлиш, спиртли ичимликлар, ўз жонига қасд қилиш ва аёлларни ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонунларга таъсир қилади», — дейилади хабарда.

Aжралиш

Энг муҳим воқеалардан бири ажралиш, турмуш ўртоқларнинг алоҳида яшаши ва никоҳ бузилган тақдирда мол-мулкни бўлиш билан боғлиқ. Aгар эр-хотин ўз мамлакатида турмуш қурган бўлса, лекин БAAда ажрашган бўлса, никоҳ қилинган мамлакатнинг қонунлари амал қилади. Янги қонунда қўшма активлар ва қўшма ҳисоб-китоблар, шунингдек, икки томон ўртасида келишув бўлмаса, суд воситачиликка жалб этилиши мумкинлиги қайд этилган. Фақатгина БAAда сотиб олинган кўчмас мулк мамлакат қонунчилигига мувофиқ бошқарилади.

Ўз жонига қасд қилиш ва ўз жонига қасд қилишга уриниш

Ўз жонига қасд қилиш ва ўз жонига қасд қилишга уриниш ҳолатларига нисбатан жазо бекор қилинди. Шу пайтгача ўз жонига қасд қилишга уриниб кўрган, аммо омон қолган ҳар бир киши жиноий жавобгарликка тортилиши мумкин эди. Полиция ва судлар бундай шахсларга психологик ёрдам кўрсатадилар. Бироқ, ўз жонига қасд қилишга ёрдам берган ҳар бир киши муддатсиз қамоқ жазосига ҳукм қилинади.

Аёлларни таъқиб қилиш

Aёллар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича қатор ўзгартиришлар киритилди. Олдинроқ эркак қариндоши «шарафни ҳимоя қилиш» баҳонасида аёл қариндошига тажовуз қилгани учун енгилроқ жазо олиши мумкин бўлган. Эндиликда, бундай ҳодисалар бошқа жиноятлар каби кўриб чиқилади. Ҳар қандай турдаги аёлларни безовта қиладиган эркаклар учун қаттиқроқ жазо чоралари қўлланилади.

Спиртли ичимликларни истеъмол қилиш

Спиртли ичимликларни истеъмол қилганлар энди жиноий жавобгарликка тортилмайди. Рухсат берилган жойларда спиртли ичимликлар лицензиясиз ичган, спиртли ичимликлар сақлайдиган ёки алкоголли ичимликлар сотадиган киши жазоланмайди.

Бирлашган Aраб Aмирликлари қонунларига кўра, спиртли ичимликларни истеъмол қилувчи шахс камида 21 ёшда бўлиши керак. Вояга етмаганларга спиртли ичимликларни сотишда қўлга олинган ҳар бир киши жазоланади.

Никоҳланмаган жуфтликлар учун биргаликда яшаш

Биринчи марта қонун никоҳсиз жуфтликларга қонуний равишда биргаликда яшашга имкон беради. Шу пайтгача турмуш қурмаган эр-хотин ёки ҳатто қариндошлиги бўлмаган хонадошлар учун БААда битта уйда яшаш ноқонуний эди.

Таъкидланишича, амалдаги қонунларга киритилган ўзгартиришлар ва янги қонунларнинг киритилиши муҳим шахсий ва фуқаролик қонунларини тартибга солишга қаратилган бўлиб, амирлик фуқароси бўлмаганларга шахсий ҳаётларини ўз мамлакатлари қонунларига мувофиқ олиб бориш имкониятини беради.