Самарқанд вилояти ҳокими Эркинжон Турдимов «Автомашинасиз 10 кун» акциясини ўтказишни таклиф қилди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги хабар бермоқда.

Эслатиб ўтамиз, президент Шавкат Мирзиёев 30 октябрь куни «Соғлом турмуш тарзини ҳаётга кенг татбиқ этиш ва оммавий спортни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармонни имзолаган эди. Ҳужжат билан раҳбарлар шахсий наъмуналари орқали семизлик даражасини камайтириши, вазн кўрсаткичларини яхшилаши, саломатликни мустаҳкамлаш учун қаратилган чора-тадбирларни амалга ошириши белгиланган эди.

«Президент биринчи раҳбарлар шахсий намуна кўрсатиши ва спорт билан шуғулланиши керак, одамларни рағбатлантириб, спортга жалб этайлик деган. Шу нуқтаи назардан, мен таклиф этаяпман, давлат идора органлари раҳбарлари ва барча ходимлари 11 ноябрдан 21 ноябргача эрталаб, кечқурун уйидан ишга, ишдан уйига фақат пиёда боради. Давлат ва шахсий машинасини миниш йўқ. Мана мен — вилоят ҳокими эрталаб ишга 8 ёки 9 да келадиган бўлсам, энди ишга пиёда келиб, кечқурун ҳам ишдан пиёда кетаман», — деди Эркинжон Турдимов.

Ҳокимнинг айтишича, бирор бир туманга, мисол учун, Оқдарё туманига бориш лозим бўлса, хизмат машинаси ҳокимни олиб бориб, қайтишда уйига эмас, ишхонасига ташлаб қўяди. У эса уйига пиёда кетади.

«Иккинчи йўл, узоқроқ бўлса, велосипед бор. Учинчиси, жамоат транспорти. Марҳамат, жамоат транспортидан фойдаланинг. Ҳам транспортни, ҳам қанақа қатнашини билиб олади [мансабдор шахс]. Тушлиқ вақтида агар уйда бўлса, хизмат машинасида кетавериш керак. Чунки тушликка узоқ кетади пиёда борса», — деди ҳоким.

Эркинжон Турдимов акция давлатдан ойлик оладиганларга тааллуқли эканини таъкидлаган. «Қолганлар бизни таклифимизни қўллаб-қувватлашса нур устига, аъло нур бўлади. Буни жамоатчилик, журналистлар ва блогерлар назорат қилиши керак», — деди у.

«Ҳоким пиёдалар йўлагидан уйига боради. Агар у йўқ бўлса, инсофи бўлса, кейин пиёдалар йўлагини қилади. Бу фақат шаҳар ҳокимига эмас, ҳамма тумандагиларга ҳам тааллуқли», — дея таъкидлади.

Эслатиб ўтамиз, президентнинг мазкур фармонига асосан, 2021 йилдан бошлаб давлат органлари раҳбарлари ва барча ходимлари иш вақтидан сўнг ҳафтада камида бир марта жисмоний тарбия билан шуғулланиши, қолаверса, одамларнинг юргани учун ҳақ тўланиши белгиланган эди.