5 ноябрь куни мактабгача таълим вазири Агриппина Шин ва Хитойнинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Цзян Янь ўртасида онлайн учрашув бўлиб ўтди. Бу ҳақда Мактабгача таълим вазирлиги матбуот хизмати хабар берди. Учрашув доирасида мактабгача таълим муассасаларидаги таълим тизимини ислоҳ қилиш масаласи алоҳида кўриб чиқилди.

Ўзбекистон ҳудудида ўйинчоқлар ва турли хил ўйин ускуналарини ҳамда дидактик материалларни ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш мақсадида инвестицияларни жалб этиш, шунингдек, давлат-хусусий шериклиги асосида Нодавлат мактабгача таълим муассасини ташкил этиш таклифи илгари сурилди. Шу билан бирга, суҳбатдан Давлат мактабгача таълим муассаларида хитой тилини қўшимча чет тили сифатида ўрганиш, бу борада ходимлар малакасини ошириш каби масалалар ҳам ўрин олди. Томонлар ҳамкорликда Тошкент шаҳрида рақамли болалар боғчасининг пилот лойиҳасини ишга тушириш муҳокама қилинди.

Шунингдек, Хитойнинг Сун Цинлин жамғармаси ҳамкорлиги доирасида ихтисослаштирилган мактабгача таълим муассасаларининг таълим сифатини ошириш, ходимларнинг билим салоҳиятларини кенгайтириш масалалари борасида фикр алмашилди.

Ҳамкорлик доирасида Хитойда «Болаларнинг эрта ривожланиши учун инновацион ёндашув» номли Иккинчи ўзбек-хитой форумини ташкил этиш келишиб олинди.

Хитойнинг Ўзбекистондаги элчихонаси номидан кам таъминланган оилалар фарзандларига 300 дона ўйинчоқ (термос ва кубик-рубиклар) совға қилинди, — деб айтилмоқда хабарда.